Трамп ўқитувчиларни қуроллантиришни таклиф қилди
Олам
−
28 Май 2022
4834Мажбурий тайёргарликдан ўтган америкалик ўқитувчилар мактабларда яширинча шахсий қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Бу ҳақда АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп АҚШ Миллий милтиқ уюшмасининг қурултойида айтиб ўтди.
“Биз барчамиз мактабларимиз энг заиф нишон бўлмаслиги кераклигига рози бўлишимиз мумкин. Шунинг учун мактаб хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли режа сифатида ўқитилган ўқитувчиларга қурол-яроғни яширинча олиб юришга рухсат бериш вақти келди”, деган у.
Бундан ташқари, собиқ Президент полицияни молиялаштиришни оширишга чақирган.
“Биз бутун мамлакат бўйлаб полиция ходимларини молиялаштириш, ишга ёллаш ва ўқитишни кенгайтиришимиз керак”, деган у.
Мактабларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар сифатида Трамп барча таълим муассасаларини металл детекторлар билан жиҳозлашни, синфлардаги эшикларни мустаҳкамлашни, шунингдек, ҳар бир таълим муассасасида доимий равишда полиция ёки қуролли қўриқчи навбатчилик қилишини назарда тутувчи қоида жорий этишни таклиф қилган.
Уюшманинг навбатдан ташқари қурултойи Техаснинг Ювальде шаҳридаги бошланғич мактабда содир бўлган отишма фонида бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 май куни Ювальде шаҳридаги мактабда 18 ёшли йигит Сальвадор Рамос 19 нафар бола ва икки нафар катта одамни ўлдирди.
LiveБарчаси