Трамп “Тинчлик кенгаши”га аъзо давлатлар Ғазога 5 млрд доллар ажратишини айтди
Олам
−
09:11 1899 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп “Тинчлик кенгаши” аъзолари Ғазо секторида гуманитар ёрдам ва тиклаш ишлари учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиш мажбуриятини олганини маълум қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.
Трампнинг билдиришича, 19 февраль куни Вашингтонда жойлашган “ Donald Institute of Peace”да кенгаш аъзолари билан навбатдаги учрашув ўтказилади ва ушбу молиявий мажбурият расман эълон қилинади. Шунингдек, бир қатор давлатлар Ғазода хавфсизлик ва тартибни таъминлаш мақсадида Халқаро барқарорлаштириш кучлари ҳамда маҳаллий полицияга минглаб ходимлар юборган.
Трампнинг таъкидлашича, “Тинчлик кенгаши”, аллақачон БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазодаги можарони тугатиш, гуманитар ёрдамни тезлаштириш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича режа қабул қилинишига эришган. У, шунингдек, ҲАМАС тўлиқ ва зудлик билан демилитаризация қилиниши кераклигини айтган.
Маълумотларга кўра, Трамп бу ташаббусни январь ойида Давосда эълон қилган. Кенгаш Ғазони тиклаш ва тинчликни таъминлаш жараёнини мувофиқлаштириши керак. Ташаббус доирасида халқаро кучларни жойлаштириш ҳам назарда тутилган.
Биньямин Нетаньяху 13 февраль куни Исроилнинг “Тинчлик кенгаши”га қўшилиш тўғрисидаги келишувни имзолаган. Шунингдек, Владимир Путин Россия ҳам кенгашга таклиф олганини ва Москва Ғазони тиклаш учун АҚШда музлатилган активлар ҳисобидан 1 миллиард АҚШ доллари ажратишга тайёрлигини билдирган.
ОАВ хабарларига кўра, айрим давлатлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги зиддиятлар, хусусан қуролсизлантириш масаласи бўйича келишмовчиликлар яна ҳарбий амалиётлар қайта бошланишига олиб келиши мумкин, деган хавотир сабабли маблағ ажратишни кечиктирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” уставини имзолаган эди. Бунинг учун у Трамп таклифига биноан Давосга борган.
АҚШ ва Ўзбекистондан ташқари, уставни Арманистон, Аргентина, Озарбайжон, Болгария, Венгрия, Индонезия, Иордания, Косово, Покистон, Парагвай, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия, БАА, Қозоғистон ва Мўғулистон ҳам имзолаган.
Live
Барчаси