Трамп спикерликка ўзидан яхшироқ номзод кўрсатди
Олам
−
06 Октябрь 2023
3946АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Конгресс қуйи палатаси спикери лавозимига Вакиллар палатасининг Суд қўмитаси раиси Жим Жорданнинг (Огайо штатидан республикачи) номзодини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social тармоғида ёзди.
“У кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган, ҳозирда Вакиллар палатасининг суд қўмитасига раислик қилмоқда. У жиноят, чегара хавфсизлиги, фахрийларимиз бўйича кучли тажрибага эга, Жим Палатанинг ажойиб Спикери бўлади”, деб ёзган Трамп.
Қайд этиш жоизки, Жим Жордан биринчи бўлиб спикер курсиси учун курашда иштирок этишини эълон қилган. У аллақачон палата аъзоларига ўз номзодини қўллаб-қувватлашини сўраб расмий мурожаат йўллаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 3 октябрь куни Америка қонун чиқарувчи органи қуйи палатасида кўпчилик собиқ спикер (республикачи) Кевин Маккартини лавозимидан четлатиш учун овоз берганди. АҚШ тарихида биринчи марта Вакиллар палатаси спикери ишдан олинди.
Маккартини лавозимидан четлаштириш учун овоз беришдан сўнг, Вакиллар палатаси бир ҳафталик танаффусга чиқди. Қонунчилар 11 октябрь куни янги спикерни тайинлаш учун овоз беради. 10 октябрь куни республикачилар вакиллари ёпиқ форум ўтказади, унда сайловда қатнашиш истагида бўлганлар ўз номзодларини кўрсатиши мумкин. Вакиллар палатаси янги спикери сайланмагунча, қонун чиқарувчилар 2024 молия йили бюджети каби айрим масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, лекин бошқа ишлар давом этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Трамп республикачилар бошқа номзод топмагунича, бир муддат АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери бўлишга тайёрлигини айтган эди. Собиқ президент Республикачилар партияси учун “30, 60 ёки 90 кун” муддатга спикер стулини эгаллашга тайёр эканини билдирганди. Шунингдек, у асосий эътибор президентлик сайловолди кампаниясига қаратилганини маълум қилган.
LiveБарчаси