Трамп президентлигининг сўнгги кунида куёвли бўлди
Олам
−
20 Январь 2021
18996АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг иккинчи турмушидан бўлган қизи Тиффани Трамп отасининг давлат раҳбари лавозимидаги сўнгги кунида севгилиси Майкл Булос билан унаштирилганини эълон қилди.
"Мен Оқ уйда кўплаб муҳим лаҳзаларни, тарихий воқеаларни нишонлашга, оилам билан хотиралар яратишга, энг муҳими, ажойиб куёвим Майкл билан унаштирилганимизни нишонлаш шарафига муяссар бўлдим", деган у кеча, 19 январь куни Twitter'даги саҳифасида.
Шунингдек, у ўзини бахтли ҳис қилаётганини ва ҳаётидаги кейинги саҳифани кутаётганини қўшимча қилган.
Маълумотларга кўра, 27 ёшли Тиффани Трамп бўлажак турмуш ўртоғи, 23 ёшли Майкл билан 2018 йили Грецияга бўлган саёҳати давомида танишган.
Майкл Булос SCOA Nigeria компанияси директори ёрдамчиси, Fadoul Group компанияси директори, Royalton Investment компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери ҳисобланади.
Тиффани Трамп Дональд Трампнинг тўртинчи фарзанди ҳисобланади. У Трампнинг америкалик актриса Марла Мейплз билан бўлган турмушидан ягона фарзанди.
Ўтган йили Тиффани Вашингтондаги Жоржтаун университетининг юридик факультетини битирган.
У отасини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим тадбирларга унчалик аҳамият бермаган бўлса-да, ўтган йили ноябрь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловлари олдидан Трампнинг сайловолди кампаниясидаги бир қатор тадбирларда қатнашган.
Трамп бугун, 20 январь куни ўз вориси Жо Байденнинг инаугурация маросими олдидан Оқ уйни тарк этади. У Флорида штатидаги қароргоҳига боради ва у ерда бир неча кун давомида кейинги ҳаракатлари тўғрисида ўйлайди.
LiveБарчаси