Трамп маъмурияти Гарвардни судга берди
Олам
−
21:17 453 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трумп маъмурияти Гарвард университети устидан судга даъво аризаси киритди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маъмурият университетни федерал тергов талаблари бажарилмагани ва талабалик қабулида ирқ омили инобатга олинган-олинмаганини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатларни тақдим этмагани учун айбламоқда.
АҚШ Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, Гарвард зарур ҳужжатларни тақдим этиш жараёнини бир неча бор чўзган. Қайд этилишича, ушбу ҳужжатлар 2023 йилда АҚШ Олий суди чиқарган қарорга университет риоя қилаётганини баҳолашга ёрдам беради. Мазкур қарорга кўра, коллеж ва университетларга қабул жараёнида ирқ омилини ҳисобга олиш Конституцияга зид деб топилган.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги Гарвардни дискриминацион ҳаракатларда айбламаётганини, шунингдек молиявий товон ёки федерал молиялаштиришни бекор қилишни талаб қилмаётганини билдирган.
Жорий йил февраль бошида Дональд Трамп маъмурияти Гарвард сиёсатига оид текширувларни якунлаш учун университетдан 1 миллиард доллар талаб қилаётганини маълум қилган. Бироқ бу талаб рад этилган.
2025 йил апрелида эса АҚШ ҳукумати Гарвард университетига хорижлик талабаларни қабул қилишни тақиқлаш билан таҳдид қилган. Бунга сабаб сифатида кампус ҳудудида яҳудий талабаларга нисбатан таъқиб муаммосини ҳал этиш бўйича етарли чоралар кўрилмагани кўрсатилган. Бу университет Дональд Трамп маъмурияти талабларига бўйсунмаслигини билдирганидан сўнг юз берган. Трампнинг Гарвард учун ажратиладиган федерал молиялаштиришни музлатиш бўйича уринишлари судда қаршиликка учраган ва томонлар ҳозирча келишувга эриша олмаган.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль