Трамп Хитойни Ухань лабораториясидаги далилларни йўқ қилганликда айблади

Олам

image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Хитой ҳукумати Ухань шаҳридаги лабораториядан янги турдаги коронавирус тарқалишининг тахминий далилларини аллақачон йўқ қилди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у “Fox News” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.  

Оқ уй собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, у дастлаб COVID-19 Хитой лабораториясидан тарқала бошлаганига ишонган. 

“Бу тасодиф эмас деб ишонадиганлар бор”, деган Трамп. 

Суҳбат давомида сиёсатчидан, унинг фикрига кўра, коронавируснинг келиб чиқиш ҳолатларини аниқлаштириш бўйича ишлар муваффақиятли ўтиш-ўтмаслиги ҳақида ҳам сўрашган. Американинг собиқ раҳбари бунга жавобан: 

“Ҳозир кеч. Мен далилларга жиддий зарар етказилганига ишонаман”, дея таъкидлаган. 

Аввалроқ, олимлар томонидан ўтказилган синовлар натижаси COVID-19 2019 йил декабрь ойида АҚШда пайдо бўлганини кўрсатганди.  

Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойида коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун Ухань шаҳрига ташриф буюрган халқаро экспертлар ҳисоботининг тўлиқ версиясини эълон қилди. Унда вируснинг янги тури одамларга бошқа ҳайвон орқали юқганлиги ёзилган. 

Шунингдек, коронавируснинг лабораториядаги тажрибалар натижасида келиб чиққани тўғрисидаги фаразлар ҳам мавжуд. Яна бир тахминда эса касаллик совутилган овқатлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган. 

Америка Қўшма Штатлари ва яна 13 мамлакат ЖССТ миссиясининг хулосаларидан кўнгли тўлмаганини билдириб, баёнот берган. Улар коронавирус келиб чиқиши тўғрисида шаффоф тергов ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган. АҚШ разведкаси вирусни одамга ҳайвондан ва лабораториядан юққани тўғрисидаги тахминларни илгари суриб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Трамп

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг