Трамп Хитой товарларига бож ставкасини икки баравар камайтирди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралардан сўнг бож ставкаларини 10 фоизгача тушираётганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 30 октябрь куни Жанубий Кореядан учиб кетишидан олдин Air Force One бортида журналистлар билан суҳбатда айтди.

“Билганингиздек, мен фентанил билан боғлиқ вазият туфайли Хитойдан келтириладиган маҳсулотларга 20 фоизлик бож жорий этган эдим – бу катта бож. Мен уни икки баравар камайтирдим, шундай қилиб у ҳозир кучга киради, аммо энди 20 фоиз эмас, 10 фоиз бўлади”, деган Трамп.

АҚШ раҳбарининг сўзларига кўра, Си Цзиньпин “яқинлашаётган ўлимни тўхтатиш учун барча чораларни кўради”, деб ишонмоқда. У бу орқали Хитойдан АҚШга фентанил экспорти билан боғлиқ муаммони назарда тутган.

Маълумот учун, фентанил – бу очиқ савдога чиқарилиши тақиқланган, ниҳоятда кучли оғриқ қолдирувчи препарат бўлиб, инсон ҳатто жуда кичик дозадан ҳам ҳалок бўлиши мумкин. У, одатда, оғир касалликларга чалинган беморларни даволашда, шунингдек ветеринарияда тинчлантирувчи ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилади.

Фентанил билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳақида хабарлар АҚШ ва Канадада бир неча йил аввал пайдо бўла бошлаган. Кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар героин дозаси ошиб кетган ҳолда вафот этган инсонлар организмида фентанил изларини топган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 октябрь куни Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида олти йиллик танаффусдан сўнг Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп илк бор учрашганди. Си Цзиньпин учрашув чоғида Хитойнинг ривожланиши ва тикланиши Трампнинг “Американи яна буюк қилиш” мақсади билан “қўлма-қўл” бораётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Хитой ва АҚШ ҳамкор ва дўст бўлиши, бир-бирининг ривожланишига ёрдам бериб, “биргаликда равнақ топиши” керак.  


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Хитой Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг