Трамп кетиши олдидан Вашингтонда фавқулодда ҳолат эълон қилди
Олам
−
12 Январь 2021
9464АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп сайланган Жозеф Байденнинг инаугурацияси олдидан хавфсизлик чораларидан келиб чиқиб, фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Вашингтонга федерал ёрдам юборди. Бу ҳақда Оқ уй тарқатган ҳужжатда айтилган.
“Бугун [душанба] Президент Дональд Трамп Колумбия округида фавқулодда ҳолат эълон қилди, дейилади Оқ уй хабарида.
Пойтахт мери Муриел Боузер Конгрессдаги тартибсизликлар ортидан юзага келиши мумкин бўлган янги таҳдидлар муносабати билан ҳафта охирида Вашингтон маъмурияти раҳбарига илтимос билан мурожаат қилди.
Ушбу қарор федерал ҳокимиятга шаҳарга тезкор равишда ёрдам бериш учун маблағ ажратишга имкон беради. Шу билан бирга, 44-президент Барак Обама Трамп инаугурациясидан олдин шунга ўхшаш фавқулодда ҳолат эълон қилмаган. Одатда, давлатлар раҳбарлари табиий офатлар оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун ушбу турдаги фавқулодда вазиятни жорий қилишади.
Хавфсизлик чораларини кучайтириш
Кеча, 11 январь куни эрталаб, АҚШ Ҳукумати Байденнинг 20 январь куни АҚШ пойтахтида ўтказиладиган инаугурацияси муносабати билан хавфсизлик чораларини кучайтиришни муддатидан олти кун олдин бошлашга қарор қилди. Шу муносабат билан, Оқ уй ва Конгресс яқинида жойлашган маъмурий мажмуа, дўкон ва умумий овқатланиш жойлари 20 январга қадар ишламаслиги мумкин. Шу билан бирга, АҚШ миллий гвардияси Вашингтондаги хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида 15 минггача ҳарбий хизматчисидан фойдаланиши мумкин.
Ўтган чоршанба, 6 январь куни Вашингтонда митингга йиғилган Трампнинг минглаб тарафдорлари Байден ғалаба қозонган, 3 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларининг тасдиқланишига йўл қўймаслик учун АҚШ Конгрессига бостириб кирди. Конгрессдаги демократлар республикачи Трампни исён қўзғатганликда айблади ва уни ҳокимиятдан четлатишни талаб қилди. Республикачилар партиясининг айрим вакиллари ҳам ўзларининг фикрларини шунга ўхшаш тарзда билдирди. Бир неча киши ҳалок бўлган Капитолийдаги тартибсизликка норозилик сифатида АҚШ маъмуриятининг бир қатор расмийлари истеъфога чиқди.
Байден ва янги сайланган вице-президент Камола Харриснинг инаугурацияси Капитолий зинапоясида 20 январь куни, тушдан кейин бўлиб ўтади. Аввалроқ, янги коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда, маросим энг қисқа форматда ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
LiveБарчаси