Трамп: “Катта ўсишга эришилди. Буюк дўстлик бошланади”
Олам
−
30 Июнь 2019
4915КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп бугун, 30 июнь куни иккала Корея давлати ўртасидаги Пханмунж чегара пунктида учрашди. Иккала давлат раҳбарлари чегара ҳудудида қўл бериб кўришган.
Трамп КХДР чегарасини кесиб ўтиб, Шимолий Корея ҳудудига қадам қўйган биринчи АҚШ президенти бўлди.
"Чегарани кесиб ўтиш катта шарафдир", деди Трамп учрашувда.
"Катта ўсишга эришилди. Буюк дўстлик бошланади", таъкидлади Оқ уй раҳбари.
Ким Чен Ин ҳам чегара чизиғини кесиб ўтиб, Жанубий Корея тупроғига қадам қўйди. У КХДР ва Қўшма Штатлар ўтмишдаги барча муаммоларни бартараф этиш ва муносабатларда янги саҳифа очилишига умид билдирди.
Трамп ва Ким Чен Ин илк бор 2018 йилда Сингапурда ўтган саммитда учрашиб, якунда ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатни имзолаганди. Расмий Пхеньян ушбу ҳужжатга кўра, Вашингтондан хавфсизлик кафолати эвазига Корея ярим оролининг ядросизланишини амалга ошириши белгиланганди.
Иккинчи КХДР ва АҚШ саммити Ханоеда жорий йилнинг 27-28 феврал кунлари бўлиб ўтди. Бу сафарги учрашувда томонлар аниқ бир тўхтамга кела олмаган ва якунда ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаганди.
LiveБарчаси