Трамп ФҚБни унинг учта паспортини ўғирлашда айблади
Олам
−
16 Август 2022
4827АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг 3 та паспортини Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агентлари Флоридадаги мулкида тинтув ўтказган пайтда олиб қўйган. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth ижтимоий тармоғида маълум қилди, деб ёзади “Anadolu Agency”.
"ФҚБ Мар-а-Лагога бостириб кириши чоғида менинг учта паспортимни (бирининг муддати тугаган) ўғирлаб кетган", деб ёзади Трамп Truth'даги саҳифасида.
У воқеани изоҳлаб, АҚШда сиёсий рақибга бу даражада ҳужум қилиш кузатилмаганини айтиб ўтган.
“Бу бизнинг мамлакатимизда ҳеч қачон кузатилмаган даражада сиёсий рақибга ҳужум қилишдир. Учинчи дунё! Бу бизнинг халқимиз учун қоронғу давр. Қўшма Штатлар Президенти билан ҳеч қачон бундай ҳолат содир бўлмаган”, деб ёзган собиқ Президент.
Шунингдек, Трамп паспортсиз хорижга чиқа олмаслигини ҳам қайд этган.
Эҳтимол, гап АҚШ фуқароларига берилган тўқ кўк рангли паспорт, шунингдек, Трамп президентлиги даврида олган қизил хизмат паспорти ва қора дипломатик паспорт ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп жорий йилнинг 8 август куни ФҚБ агентлари унинг Флоридадаги қароргоҳида тинтув ўтказгани ҳақида хабар берган эди.
Шундан сўнг, Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШнинг собиқ Президенти Доналд Трампнинг Флоридадаги мулкида ядровий қуролга оид махфий ҳужжатларни қидиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ ФҚБ Трампнинг қароргоҳидан 11 та махфий ҳужжат топгани, уларнинг орасида “ўта махфий” таснифидаги материаллар ҳам борлиги маълум бўлди.
Кейинроқ Дональд Трамп олиб қўйилган ҳужжатларни зудлик билан қайтаришни сўраган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси