Трамп билан жанжаллашган Зеленский Лондонга жўнади
Олам
−
01 Март 9996 2 дақиқа
Бугун, 1 март куни эрта тонгдан Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг самолёти АҚШдан ҳавога кўтарилди ва Буюк Британия томонга йўл олди. Бу ҳақда Украина халқ депутати Ярослав Железняк маълум қилди.
Қайд этилишича, Зеленскийнинг самолёти уч соат давомида учишда давом этмоқда.
“Самолёт муҳим дипломатик учрашувлар ёки музокаралар бўлиб ўтиши мумкин бўлган Лондонга йўл олади”, дейилади хабарда.
Хабарда қўшимча қилинишича, ушбу ташриф халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш, Украинани қўллаб-қувватлаш ва глобал муаммолар бўйича иттифоқчилар ўртасида мувофиқлаштиришни ўз ичига олади.
ОАВга кўра, Украина етакчисининг самолёти тушгача Англия пойтахтига қўниши кутилмоқда.
Оқ уйдаги жанжал
Кеча, 28 февраль куни Владимир Зеленский ва Дональд Трамп Оқ уйда учрашди. Икки лидер АҚШ ва Украина ўртасида фойдали қазилмалар бўйича келишув имзолаши кутилган эди. Бироқ учрашув қизғин оҳангда бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Трамп Зеленскийни бир неча бор ношукурликда айблаган.
Учрашувдан сўнг, Зеленский Америкага кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди ва “Украинага адолатли ва мустаҳкам тинчлик керак ва биз айнан шу мақсадда ҳаракат қиляпмиз”, деб айтди.
Кўплаб европалик сиёсатчилар, жумладан Эммануэль Макрон Трамп билан бўлган жанжалдан кейин Украина раҳбарини қўллаб-қувватлади.
“Агрессор – Россия. Агрессия қурбони эса Украина. Биз ёрдам берганларга раҳмат айтишимиз керак, лекин бошиданоқ курашганларни ҳурмат қилишимиз керак”, деган Франция Президенти.