Трамп ал-Бағдодийнинг ўлимини тасдиқлади. ИШИДнинг янги раҳбари ким бўлади?

Олам

image

Сурия ва Ироқда фаолият олиб борувчи ИШИД террорчилик гуруҳи етакчиси Абу бАкр ал-Бағдодий Америка ҳарбийлари томонидан ўтказилган амалиёт натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп мурожаатид маълум қилди.

Дональд Трамп ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Сурия ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт натижасида йўқ қилинганини таъкидлади. 

“Ўтган кеча АҚШ дунёнинг биринчи рақамли террористига нисбатан адолатни қарор топтирди. Абу Бакр ал-Бағдодий ўлди. У дунёдаги энг шафқатсиз ва зўравон террорчилик ташкилоти – ИШИДнинг асосчиси ва етакчиси эди”, деди Трамп махсус мурожаатида. 

АҚШ Президентининг Оқ уйдаги нутқи дунёнинг кўплаб агентликлари томонидан трансляция қилинди.

Дональд Трампнинг сўзларига кўра, экспертиза натижалари авиазарба оқибатида ўлдирилганлар орасида ал-Бағдодий ҳам бўлганини тасдиқлаган.

Президент ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар учун биринчи рақамли нишон бўлгани, у яшаётган жой аниқлангач, ўша уйда бўлган 11 бола у ердан чиқарилганини маълум қилган. Трампнинг ИШИД етакчисининг қандай ўлганига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ал-Бағдодий авиазарбалардан кейин “қўрқоқларча қочган”, аммо ҳудудни туннел орқали тарк этиш учун ҳаракати муваффақиятсиз кечгач, ўз белидаги портловчи қурилмаларни портлатиб юборган. Унинг ёнида бўлган уч бола ҳам у билан бирга ҳалок бўлган.

“У охири ўлимга олиб борувчи туннель ичига додлаб бақирганича югуриб кираётганида ўлди. Бунгача воқеа жойидагилар ё таслим бўлган, ё отиб ташланган эди. Уйдан 11 нафар бола олиб чиқилди, улар жароҳатланмаган.

Туннелда фақат уч боласи билан Бағдодий қолганди. Бизнинг итларимиз уни таъқиб қилиб борганида у туннель охирига етиб қолганди. Устидаги портловчи жилетини портлатиб, ўзи ва уч боласини ўлдирди. Портлаш натижасида унинг танаси бўлакларга бўлиниб кетди.

У худди ит каби ўлди. Қўрқоқларча ўлим топди. Дунё янада хавфсизроқ”, деди Трамп баёноти сўнгида.

Трамп мазкур амалиётда иштирок этганларнинг барчасига, биринчи навбатда америкалик ҳарбийларга, шунингдек, Туркия, Ироқ, Сурия, Россия ва курдларга миннатдорчилик билдирди.

Трамп журналистлар саволларига жавоб қайтариб, Сурия шимолидаги ҳаво ҳудудини назорат қилаётган Россия америкаликлар авиациясига Идлиб вилояти осмонида ҳаракатланиши учун йўлак очиб берганини маълум қилган.

“Ҳудудга учиб кириш ва ундан учиб чиқиш жуда-жуда хавфли эди. Биз жуда жиддий ҳужумга учрашимиз мумкин эди. Россия биз учиб ўтишимиз учун ўз назоратидаги айрим ҳудудларни очиб бериб, жуда ажойиб йўл тутди.

Ироқ томони ҳам жуда катта ёрдам берди. Улар биз нима қилаётганимиз, қаерга кетаётганимизни аниқ билишмасди. Аммо Россия ва бошқа баъзи давлатлар ҳам ИШИДдан нафратланади”, деди Трамп.

Ҳаво зарбалари Туркия ва Сурия чегарасидан 5 км масофада - Туркия армиясининг курдлар устига юришидан кейин Россия ҳарбий полицияси назорат қилаётган ҳудуд яқинида берилган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса америкаликларнинг махсус амалиёти муваффақиятли якунланганига шубҳа билан қарамоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги Трампнинг мурожаатидаги сўзларга муносабат билдириб, америкаликлар авиацияси ҳаракатидан хабардор эмаслигини маълум қилди.

“Гўёки бу “амалиёт”да тўғридан-тўғри иштирок этганлар сони кўплиги, ҳар бирининг баёноти бир-бирига зид бўлиши бу амалиёт ўтказилганига, айниқса муваффақиятли якунланганига шубҳа ва саволлар туғдиради”, деган Россия ҳарбий муассасаси вакили Игорь Конашенков.

Конашенковнинг сўзларига кўра, шанба куни Идлиб ҳудудида ҳаво зарбалари берилгани сезилмаган, вазирликдагилар америкаликлар авиацияси ҳаракатлари ҳақида бохабар бўлмаган.

Трампнинг сўзларига кўра, жангчилар ИШИД раҳбарининг уйида икки соат давомида бўлишган ва муҳим ҳужжатларни олишган. Шундан кейин уй кейинчалик ИШИД тарафдорларининг зиёратгоҳига айланмаслиги учун “ер билан битта қилинган”.

Ал-Бағдодий ўлими ҳақидаги дастлабки хабарлар тарқалганидан сўнг ИШИДнинг бошқа етакчилари орасида низолар чиқа бошлаган.

“ИШИД етакчиси ўлдирилгач, улар ушбу воқеада бир-бирларини айблашни бошлади ва гуруҳ аъзолари орасида тарқоқлик ҳукмронлик қилмоқда”, дейди Ироқ разведкаси ходими. 

Қайд этилишича, ал-Бағдодий билан бирга унинг хавфсизлик хизматини бошқарган Газвон Ар-Раурий ҳамда ироқлик бир нечта террорчи ҳам ўлдирилган.

Ал-Бағдодийнинг ўрнини унинг икки ёрдамчисидан бири эгаллаши мумкин. Булар Абу Абдул Раҳмон ал-Жезравий ҳамда Абу Усмон ал-Фарансий.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Абу Бакр ал-Бағдодий

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг