Трамп БААдаги афғон қочқинларига ёрдам ваъда қилди
Олам
−
21 Июль 2187 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Бирлашган Араб Амирликларидан депортация қилиниши мумкин бўлган афғонистонлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
“Мен ҳозирдан бошлаб уларни қутқаришга ҳаракат қиламан”, деб ёзди Трамп.
У ўз сўзларини Американинг “Just the news” портали нашрига ҳавола қилиб, унда “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин ўз мамлакатини тарк этган ва 2021 йилдан бери Амирликларда яшаб келаётган камида бир гуруҳ қочқинларни БААдан Афғонистонга депортация қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида сўз юритди.
32 нафар афғон вакилларининг хабар беришича, қочқинлар лагери маъмурияти уларнинг паспортларини олиб, Афғонистонга жўнаб кетишга тайёргарлик кўришни буюрган. Лагерда қочқинлар ва “Толибон” вакиллари ўртасида ҳам учрашув ташкил этилган.
Қайд этилишича, қочқинларнинг ўзлари ватанларига қайтишдан бош тортмоқдалар, чунки улар амалдаги ҳукумат томонидан таъқиб қилинишидан қўрқади.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ расмийлари БААдаги ҳамкасблари билан нима бўлганини тушуниш ва депортацияни тўхтатишга ҳаракат қилиш учун музокаралар олиб бормоқда.
Маълумот учун, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” ҳаракати мамлакат устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияни бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Кобулга кирди ва кейинроқ муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилди. Шу билан бирга, БААнинг АҚШдаги элчихонаси мамлакат ўз ҳудудида беш минг афғон қочқинини қабул қилишини маълум қилди.
Жорий йилнинг 17 апрель куни Россия Олий суди Бош прокурорнинг Россия Федерациясида “Толибон” ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги маъмурий даъвосини қаноатлантирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, “Толибон”дан террорчи мақоми олиб ташланиши Қобул билан тўлақонли ҳамкорликни йўлга қўйишга йўл очади. Россия “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди.
Live
Барчаси