Трамп АҚШни иккига бўлишни истайди – собиқ Пентагон раҳбари

Олам 6845
image

АҚШнинг собиқ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис (2017 йил январидан 2018 йил декабргача) Президент Дональд Трампни намойишчиларни тарқатиб юбориш ва тартибни тиклаш учун ҳарбийлардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги гапини танқид қилди. Истеъфодаги генералнинг кеча, 3 июнь куни “The Atlantic” журналида эълон қилган сўзларига кўра, Трамп мамлакатни иккига бўлиб ташлайди ва унинг ҳаракатлари конституция устидан кулишдир.

"Дональд Трамп америкаликларни бирлаштиришга уринмаётган, бунинг ўрнига бизни иккига бўлишга ҳаракат қилаётган ҳаётимда учратган илк Президентдир. Биз уч йил давомида мақсадсиз ҳаракатларнинг, уч йил давомида раҳбарият етуксизлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Биз усиз ҳам, фуқаролик жамиятимизнинг кучли томонларига мурожаат қилган ҳолда бирлаша оламиз”, деди Мэттис.

Унинг сўзларига кўра, намойишчилар ҳақли равишда ҳамма учун тенг адолат талаб қилмоқда. "Бу тўғри ва бирлаштирувчи талаб. <...> Бизни оз сонли жиноятчилар чалғитмаслиги лозим", деди истеъфога чиққан генерал.

"Мен Конституцияни ҳимоя қилишга қасамёд қилганман. Аммо худди шундай қасам ичган ҳарбий хизматчилар ўз ватандошларининг конституциявий ҳуқуқларини бузиш учун юборилади, деб ўйламаган эдим...", деди Пентагоннинг собиқ раҳбари. У Оқ уй олдидаги Лафайет-скверда намойишчиларни тарқатиб юборишни ҳокимиятни суистеъмол қилиш, деб атади.

Мэттиснинг сўзларига кўра, Америка шаҳарлари қарама-қаршилик майдони сифатида кўрилмаслиги керак. Ҳарбий хизматчилар фақат губернаторларнинг илтимосига биноан ва жуда камдан-кам ҳолларда жалб қилиниши керак. "Штатлар ва шаҳарлар раҳбарияти жамоат тартибини сақлаш учун жавобгар бўлиши лозим. Чунки улар ўз аҳолисини яхшироқ билади ва улар олдида жавобгардир", деди у.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 211
Рейтинг: 2.8
Теглар
t
×