“Трамадол” ва “Лирика” ўрнини босувчи дейилаётган “Тропикамид” бўйича ССВ расмий маълумот берди

Жамият

image

Бир неча кунлар муқаддам Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда мамлакатда савдоси тақиқланган “Трамадол” ва “Лирика” дори воситаларининг ўрнини босувчи янги оғу “Тропикамид” дори воситаси сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Маълумки, 2018 йилнинг 22 октябридан бошлаб гиёҳвандлик воситаларининг аналогларини ноқонуний тайёрлаш, харид қилиш, сақлаш, сотиш ва бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка жалб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги қарорига мувофиқ “Трамадол” ва “Лирика” Ўзбекистон ҳудудида савдоси тақиқланган наркотик воситалари рўйхатига киритилди.

Шу боисдан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги  турли ижтимоий тармоқларда "Тропикамид" дори воситасини Трамадол, Лирика ўрнига келган янги бир оғу сифатида талқин этилаётгани ҳақида чиқишлар ўрганиб чиқиб, бу бўйича расмий маълумот берди.

“Тропикамид” дори воситаси офтальмоскопияни ўтказишда ва рефракцияни аниқлашда ташхис қўйиш учун (шу жумладан, қорачиқни кенгайтирувчи бошқа препаратларга юқори сезувчанлик бўлганида), кўзнинг яллиғланиш касалликларини мажмуавий даволашда синехияларни ривожланишини олдини олиш учун қўлланади. Ушбу дори воситаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2018 йил 22 октябрдаги 50-сон буйруғига кўра, шифокор рецепти асосида берилиши белгиланган”, дейди Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази Фармакология қўмитаси раиси Зикрилла Таджиханов.

“Тропикамид” дори воситаси кўзга томизиш учун мўлжалланган бўлиб, қорачиқларни кенгайтириш хусусиятига эга, кўз касалликларида фойдаланилади. Ундан қоидага хилоф равишда фойдаланиб, инъекция қилинганда қон томирлари кенгайиши туфайли сархушлик ҳолати юз беради. Аммо Тропикамидни Лирика ва Трамадол каби психотроп дори воситалари билан тенглаштириб бўлмайди. Тропикамидда наркотик моддалар мавжуд эмас. Ушбу дори воситаси ресцептсиз берилса, турли нохуш вазиятлар эҳтимоли кўпайиши мумкин. Шу боис юқорида қайд этилганидек, Тропикамид фақатгина шифокор рецепти асосида берилиши шарт”, дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Азамат Юсупов.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида” 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорида тасдиқланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатларига “Тропикамид” дори воситаси номланиши бўйича киритилмаган. Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961 йилги гиёҳвандлик моддалари тўғрисидаги Ягона конвенцияси ва 1971 йилги психотроп моддалар тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ тасдиқланган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатларига ҳам киритилмаган.

“Тиббиёт амалиётида ишлатишга рухсат этилган Тропикамид дори воситаси Давлат Реестридан “Мидакс”, “Тропикамид” номлари билан ўтказилган. Сертификатлаштириш органларининг маълумотига кўра, Тропикамид дори воситаси республикамизга 2018 йил давомида 562 256 ўрам, 2019 йил 1 майгача 447 110 ўрамда келтирилган. Ушбу дори воситаси билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатлар юз берган ҳолатларда, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида, Наркотикларни назорат қилиш Давлат комиссияси томонидан рўйхатга киритилиши тўғрисидаги масала кўриб чиқилади”, дейди Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази Наркотиклар назорати қўмитаси раиси Исматжон Азизов.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз, Тропикамид дори воситаси дорихоналардан фақат шифокор рецепти асосида берилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамадол ССВ Лирика Тропикамид

Баҳолаганлар

199

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг