Тожикистондаги интернет нашр экстремистик деб топилди

Олам

image

Тожикистон Олий суди “Pamir Daily News”ни экстремистик нашр деб топди ва унинг мамлакат ҳудудидаги фаолиятини тақиқлади. Бу ҳақда “Current time” нашри хабар берди.

Келтирилишича, мамлакат конституциявий тузуми, хавфсизлиги ва суверенитети асосларини ҳимоя қилишдан келиб чиққан ҳолда ушбу даъво қўзғатилган.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Олий суд ҳукми эълон қилинган. Унга кўра, нашр сайти блокланган. Бош прокуратура сайт билан ҳамкорлик ўрнатилгани учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланиши ҳақида огоҳлантирди.

Олий суд чиқарган ҳукмга “Pamir Daily News” шундай изоҳ берди:

“Pamir Daily News’нинг фаолияти Тожикистон ҳукуматининг кўзларини қамаштирмоқда. Чунки нашр республика, хусусан Тоғли Бадахшон автоном вилоятида давом этаётган қонунбузарликлар ҳақида тинимсиз бонг уради. Ушбу қарор билан расмийлар нашрнинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини бутунлай йўқотмоқчи ”, дейилади нашр хабарида.

“Pamir Daily News” Тожикистон ҳукумати томонидан экстремистик деб эълон қилинган биринчи интернет нашри эмас. 2020 йилда Тожикистон Олий суди Прагада фаолият олиб борадиган “Ахбор” порталини унинг мазмуни террорчилар ва экстремистлар манфаатларига, хусусан, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси тарғиботига хизмат қилаётганини айтиб, фаолиятини тақиқлаган эди. Бу партия 2015 йилда ҳукумат томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилинмагунча мамлакатдаги энг йирик мухолифат партияси бўлган.

Маълумот учун, “Pamir Daily News” 2019 йилда ташкил қилинган бўлиб, у Тожикистондаги, хусусан, республиканинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги воқеаларни ёритиб борувчи сайт ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Pamir Daily News экстремистик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг