Тожикистонда Қатар пулларига қурилган МОдаги энг катта масжид очилди

Олам

image

Кеча, 8 июнь куни Душанбе шаҳрида Марказий Осиёдаги энг йирик масжидлардан бири очилди. Бу ҳақда “Ховар” нашри хабар берди

Келтирилишича, очилиш маросимида мамлакат Президенти Имомали Раҳмон ва давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлган Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирок этган. Душанбенинг янги марказий масжиди 12 гектар майдонни эгаллаган. Бино уч гектар майдонда жойлашган ва учта катта кириш эшиги бор. Масжид бир вақтнинг ўзида 133 минг кишини сиғдира олади, шундан 43 минги бино ичида, қолгани унинг атрофида бўлади.

Масжид баландлиги 74 метр бўлган 4 та минора, 21 метрлик иккита кичик безакли минора, баландлиги 43 метрли катта гумбаз ва 35 метрли 17 та кичик гумбаздан иборат. Масжид ичида 6 та кенг дарсхона, меҳмонларни қабул қилиш ва мажлислар ўтказиш зали, 2 кутубхона, 9 та ўқув хонаси, 3 та меҳмонхона ва техник хона мавжуд.

“Бу нафақат масжид, балки ислом маданияти ва тарихининг замонавий пойдевори, заллари шундай қурилганки, уларда турли даражадаги илмий-маданий тадбирлар ва анжуманлар ўтказилади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, масжид қурилиши 2011 йил 5 октябрда бошланган ва 2019 йил кузида якунланган. Очилиш маросими 2020 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли у қолдирилган. Жорий йилнинг февраль ойида Тожикистон Дин ишлари, миллий анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси масжиднинг очилиш маросими Қатар амирининг ташрифи чоғида бўлиб ўтишини маълум қилган эди.

Масжид лойиҳаси деярли 100 миллион АҚШ долларига тушган. Шундан 30 миллион доллари Тожикистон томонидан, 70 миллиони Қатар ҳукумати томонидан ажратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон масжид Қатар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг