Тожикистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият оғирлашяпти – БМТ эксперти
Олам
−
09 Декабрь 2022
8521Тожикистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимоячиларига босим ўтказишдан бош тортиши, уларнинг сўров ва таклифларига ижобий жавоб бериши, хусусан, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан фаол маслаҳатлашиши керак. Бу ҳақда БМТнинг махсус маърузачиси маълум қилди.
У Душанбе ҳукуматини адвокат ва журналистларни фақат бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун жиноий жавобгарликка тортмасликка чақирди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аҳволи бўйича махсус маърузачи Мэри Лоулор Тожикистонга икки ҳафталик расмий ташриф билан келди. Унинг фикрича, бу мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячилари қўрқув муҳитида ишлайди.
Мэри Лоулорнинг сўзларига кўра, тожик ҳукуматидаги айрим амалдорлар ҳуқуқ ҳимоячилари билан ижобий муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқда. Қонунчилик даражасида ҳам муайян ютуқларга эришилган. Лекин шунга қарамай, БМТ эксперти Душанбедаги матбуот анжуманида таъкидлаганидек, бошқаларнинг ҳуқуқлари учун курашаётганларга нисбатан босим ортиб бормоқда.
“Ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволи ёмонлашмоқда. Адвокатлар, журналистлар ва бошқалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганликлари учун нишонга олинади. Улар оғир маъмурий чекловлардан тортиб, таъқиб қилиш, таҳдид қилиш, ўз фаолиятини жиноийлаштириш, ёпиқ адолатсиз суд жараёнлари ва қамоққа олишгача бўлган қатор муаммоларга дуч келмоқда”, дейди махсус маърузачи.
Унинг таъкидлашича, нозик ишлар билан шуғулланадиган баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари таъқиблардан қўрқиш ва коррупцион схемалар қўзғатган қўрқув муҳити туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
Мэри Лоулор Тожикистон ҳукумати ўз халқаро мажбуриятларини бажариши ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидламоқда.
Ташриф давомида махсус маърузачи Душанбедаги расмийлар билан учрашган, шунингдек, Хўжандга ҳам борган. У Омбудсман, парламент аъзолари, прокуратура, Олий суд вакиллари, халқаро ҳамжамият вакиллари билан суҳбатлар ўтказган. Эксперт тергов изоляторида бўлиб, у ерда ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашган. У Тоғли Бадахшон автоном вилоятига боришга рухсат беришларини сўраган, бироқ расмийлар унга рухсат бермаган.
“Тожикистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва адолатли жамият қуриш йўлида ҳаракат қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилишдан манфаатдор эканини тушуниши керак”, дейди Лоулор.
У Тожикистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига душман эмас, иттифоқчи сифатида муносабатда бўлишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, махсус маърузачилар ва мустақил экспертлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан тайинланади, улар БМТ ходимлари эмас ва ўз ишлари учун Ташкилотдан маош олмайдилар.
LiveБарчаси