Тожикистон яна Суриядан фуқароларини қайтариш ҳаракатига тушди
Олам
−
15 Ноябрь 2022
5128Бугун, 15 ноябрь куни Сурия пойтахти Дамашқда Тожикистон фуқароларини ўз ватанларига қайтариш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Sputnik Тожикистон” нашри мамлакат ТИВ матбуот хизматига таяниб, хабар берди.
Музокаралар Тожикистоннинг Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзоданинг амалий ташрифи доирасида Сурия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Муҳаммад Холид Раҳмун билан бўлиб ўтди.
“Учрашувда Тожикистон фуқароларини ватанига қайтариш, халқаро терроризмга қарши курашда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, икки давлатнинг ушбу соҳада ваколатли тузилмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг 25 июль куни 146 нафар Тожикистон фуқароси Суриядан чартер рейс билан ўз ватанларига қайтарилган эди. Шу жумладан 42 нафар аёл ва 104 нафар бола.
LiveБарчаси