Тожикистон ТИВ Россияда ўлдирилган Қобилжон иши бўйича маълумот берди

Олам

image

Россия томони Тожикистон ҳукуматига 2025 йилнинг декабрида Россияда ўлдирилган 10 ёшли тожик боласи Қобилжон Алиев иши бўйича тергов жараёни ҳақида расмий маълумот тақдим этди ва бу масала “алоҳида назоратда” эканини билдирди. Бу ҳақда 6 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин маълум қилди.

Россия Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, Москва шаҳрида Россия Федерацияси Тергов қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган, жиноятчи қўлга олинган ва унга оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик ҳамда қотилликка суиқасд қилиш айбловлари қўйилган. Кейинчалик суд унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни танлаган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия томони терговнинг кейинги натижалари ҳақида қўшимча равишда маълумот берилишини ҳам билдирган.

Сирожиддин Муҳриддин ўн ёшли тожик боласига нисбатан содир этилган бу фожиани “бутун халқнинг дарди” деб атаган. У масала биринчи кундан бошлаб мамлакат Президенти назоратида эканини, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу ишни ўз назоратига олганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, вазир Қобилжоннинг ота-онаси адвокат билан таъминланганми ёки йўқми, шунингдек, суд жараёни қачон бошланиши ҳақида маълумот бермаган. 

Россиядаги меҳнат муҳожирлари фарзандлари ва Тожикистоннинг бошқа фуқароларини ҳимоя қилиш масаласига тўхталар экан, Сирожиддин Муҳриддин вазирлик Россия томони билан доимий алоқада экани, Тожикистон ва Россия тузилмалари ўртасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россияда Тожикистон фуқаролари билан боғлиқ ҳар бир ҳодиса назоратга олинади ва мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналари ҳамда бошқа идоралари ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўради.

Шу билан бирга, вазир Россия жуда катта мамлакат эканини, ҳар бир ҳудуд ва қишлоқда Тожикистон фуқаролари яшашини, уларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида ёрдам кўрсатиш ҳар доим ҳам осон эмаслигини тан олган. Шунга қарамай, Россия томони билан ўзаро тушуниш мавжудлигини қайд этган.

Унинг таъкидлашича, вақти-вақти билан ёқимсиз ҳодисалар юз бериб турса-да, ҳукуматлар даражасида ўзаро англашув сақланиб қолмоқда ва ҳамкорлик давом эттирилади.

Маълумот учун, Қобилжон Алиев 2025 йилнинг 16 декабрь куни Москва вилоятидаги мактабда 15 ёшли Россия фуқароси бўлган ўсмир томонидан пичоқ билан ваҳшийларча ўлдирилганди. Тожикистон ТИВ бу ҳужум миллий адоват асосида содир этилганини билдирган. Марҳум боланинг жасади 18 декабрь куни Тожикистонга олиб келинган ва Шаҳри-нав туманида дафн этилган.

Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирганди ва айбдорлар албатта жазоланишини ваъда қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон Қобилжон Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг