Тожикистон ССВ мамлакатга “omicron” кирган-кирмаганини билмаслигини айтди
Олам
−
11 Февраль 2022
2804Тожикистон ҳукумати мамлакатга коронавируснинг “omicron” штамми кирганлиги ёки кирмаганлигини аниқ билмайди. Негаки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда коронавирус инфекцияси штаммларини, жумладан “omicron”ни аниқлаш имкониятига эга эмас. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода маълум қилди.
“Бизга ҳеч қачон “генетик типдаги” махсус диагностика ускуналари керак бўлади, деб ўйламаган эдик. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг бевосита кўмагида жорий йилнинг биринчи чорагида тегишли жиҳозларни харид қилишни режалаштирмоқда”, дейди вазир.
Шу билан бирга, унинг фикрича, умуман олганда, мамлакатда коронавируснинг штаммларини, шу жумладан “omicron”ни аниқлашга шошилинч эҳтиёж йўқ. Чунки коронавирусни даволашнинг асосий усули бу, биринчи навбатда, вирусга қарши дорилар ва иммунитетни ошириш учун дори воситаларини қабул қилишдир.
Маълумот ўрнида, пандемия бошланганидан ҳозиргача Тожикистонда коронавирус билан касалланганлар сони 17 минг 367 нафарни, тузалганларнинг умумий сони эса 17 минг 218 нафарни ташкил қилган. Расмий ўлим сони бир неча ой давомида ўзгармаган ва 124 кишини ташкил қилмоқда.
LiveБарчаси