Тожикистон ШҲТ раислигини қайси давлатга топшириши маълум бўлди

Жамият 11308
image

Тожикистон пойтахти Душанбедаги саммитдан сўнг, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислик Ўзбекистонга ўтади. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги йўналишида фаол тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, ташкилот раислиги концепцияси ва режаси ишлаб чиқилмоқда. У Душанбедаги саммит давомида ШҲТга аъзо давлатларга тақдим этилади.

“Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигининг асосий устувор йўналишлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган нутқида белгилаб берилган ташқи сиёсатнинг энг муҳим вазифаларига мувофиқ ишлаб чиқилади. Ташкилот доирасида Ўзбекистон томонининг асосий ташаббуслари – транспорт алоқаси соҳаси, ШҲТ ишидаги иқтисодий ўлчовни мустаҳкамлаш, пандемия оқибатларига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаолроқ жалб қилиш”, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ташкилотга уч марта раислик қилган: 2003-2004, 2009-2010 ва 2015-2016 йилларда. 2016 йилда Тошкентда бўлиб ўтган саммитда муҳим тарихий келишувларга эришилди. Жумладан, айнан Тошкент саммити 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистонга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш учун пойдевор бўлиб хизмат қилган.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб турибди. Давлат раҳбари эртага, 17 сентябрь куни ШҲТ саммитида иштирок этади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 418
Рейтинг: 3
t
×