Тожикистон Афғонистонгача темирйўл қуради

Олам

image

Тожикистон ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) “Жалолиддин Балхий - Панжи Поён” темирйўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар баённомасини имзолади. Бу ҳақда Тожикистон Транспорт вазирлиги хабар берди

Вазир Азим Иброҳим ушбу лойиҳанинг асосий мақсади Жанубий Осиё давлатлари – Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон бозорига чиқиш ҳамда минтақавий савдони ривожлантиришга қаратилганини билдирди. Унинг айтишича, қурилган йўлларни яхши ҳолатда сақлаш, юкларни камайтириш автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг ҳаракатини осонлаштиради.

“Агар ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Тожикистон жозибадор темирйўл транзитига эга мамлакатга айланади, қўшни давлатлар билан юк ва маҳсулотлар ташиш ҳажми ортади. Бу эса Тожикистон ва бошқа минтақа давлатлари учун жуда фойдали бўлади”, деган вазир.

Жанубий Кореянинг Тожикистондаги элчиси вазифасини бажарувчи Ким Жун-Сик ушбу лойиҳа Тожикистоннинг илғор келажаги сари яна бир қадам эканини айтган.

“Ушбу лойиҳа Жанубий Кореянинг Марказий Осиёда темирйўл қуриш бўйича биринчи лойиҳасидир. Бу Тожикистонга денгизга чиқиш имконини беради ва халқаро юк ташишнинг асосий бўғинига айланади”, дейди у.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишнинг кутилаётган қиймати 4 миллион доллар. Афғонистон чегарасигача лойиҳалаштирилаётган темирйўлнинг узунлиги 51 километрга яқин бўлиб, шунингдек, турли ўлчамдаги 28 та кўприк ва 160 та дренаж тизими қурилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ расмий Тошкент “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли лойиҳаси учун 255 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тожикистон “Жалолиддин Балхий - Панжи Поён” темирйўли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг