Тошкентни вайрон қилган тонг: 1966 йилги зилзилага 55 йил тўлди

Фойдали

image

1966 йил 26 апрель. Тонг саҳар соат 5:22 да Тошкентда зилзила юз берди. Бир кунда бутун бошли шаҳарнинг катта қисми вайронага айланди, 78 минг оила бошпанасиз қолди. Бугун ушбу фожиага 55 йил тўлди.

QALAMPIR.UZ қуйидаги мақолада Тошкентни титратган зилзила, унинг оқибатлари ва қисқа вақт ичида олиб борилган кенг миқёсдаги қайта қуриш ишлари ҳамда бугунги кунда бундай вайронагарчиликнинг такрорланмаслиги учун олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлайди.

Аввало шуни айтиш жоизки, 1966 йилдаги зилзила Тошкентни ларзага келтирган илк силкиниш бўлмаган. Шаҳарда 100 йил олдин 1866 йилда ҳам кучли зилзила юз берган.

1866 йил 26 апрель

Тошкент шаҳри сейсмик жиҳатдан фаол минтақада жойлашган бўлиб, бу ерда 8 балгача зилзилалар кузатилади. 1866 йилнинг 26 апрель куни ҳам Тошкент кучли зилзилани бошдан ўтказган.

Тарихий манбаларга кўра, ўша фалокат ҳам шаҳарга етарлича зарар етказган: мозор ва жоме масжидларининг гумбазлари, жумладан, Хожа Аҳрор жоме масжидининг гумбази, аҳоли яшайдиган иморатлар қулаб, кўплаб қурбонлар берилган. Бу ҳақда ХIX асрда яшаган тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳ “Тарихи жадидайи Тошканд” (Янги Тошкент тарихи) асарида ҳикоя қилган.

Зилзиладан олдин кўринган шафақ

1966 йилги фалокатга қайтадиган бўлсак, зилзиладан бироз аввал, кучли портлаш содир бўлди. Шаҳар чеккасида шафақ кўринди. Кейинроқ олимлар шафақ нима сабабдан келиб чиққанини маълум қилди. Зилзила ўчоғи 5-10 километр чуқурда жойлашган бўлиб, ер остида йиғилган тектоник кучланиш ер юзасига чиқиш вақтида электр энергиясига айланган ва Тошкент аҳолисига мана шу энергия шафақ бўлиб кўринган.

Зилзила оқибатлари 

1966 йилги зилзила оқибатида Тошкентнинг марказий қисми: 2 миллион квадрат метрдан зиёд турар жой майдони, 236 та маъмурий, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш, 181 та таълим муассасаси, 185 та тиббиёт, 245 та саноат бинолари бутунлай вайрон бўлди. 

Ўша пайтда Тошкентда яшовчи 1,5 миллион кишидан 78 минг оила ёки 300 минг аҳоли бошпанасиз қолди. Ҳукумат қарори билан вайрон бўлган бир қаватли уйларни тиклаш ўрнига янги замонавий кўп қаватли уйлар қурилди. 3,5 йил ичида шаҳар бутунлай қайта қад ростлади.

Иттифоқ давлатларининг кўрсатган ёрдами

Зилзиладан сўнг, СССРнинг ўша вақтдаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари Л.И. Брежнев, А.Н.Косигин ва бир қатор вазирлар дарҳол Тошкентга келди. Иттифоқ даражасидаги ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Унда Тошкентда Сейсмология институти ҳамда шаҳарни қайта бунёд этиш масалалари кўрилди. 

Тошкент марказида СССРга аъзо давлатлар кўмаги билан кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Шаҳар марказида ҳамда унинг жануби-ғарбий қисмида – Чилонзордаги бўш жойларда бир нечта янги микрорайонлар қурилди.

Узоқ вақт давомида кўплаб уйлар, маҳалла ва кўчалар ўша қийин кунларда Тошкентга ёрдам берган шаҳарларнинг номлари билан аталди. Бундай бирдамлик шарафига Ўзбекистон пойтахтида “Жасорат” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

Аҳолининг кўмаги

Фуқаролар ҳам қараб тургани йўқ. Уларнинг шахсий ва жамоавий маблағларини ўтказадиган жамғарма ташкил этилди. Мазкур жамғармага 10 миллион рублдан ортиқ пул келиб тушган. Маблағнинг 5,5 миллион рубли якка тартибдаги турар-жой биноларини таъмирлаш учун туман ижроия қўмиталари томонидан эгаларига ажратилди.

Пулнинг бир қисми шаҳарда ўйин майдонлари қуриш, одамлар жойлаштирилган вақтинчалик лагерларда бепул овқатланиш ва бошқаларга йўналтирилди. 15 мингда ортиқ оила ўз розилиги билан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ёки қўшни давлатларга жойлаштирилди.

Ўша вақтда СССР шоири Андрей Вознесенский Тошкентга ёрдам бериш учун қуйидаги мазмунда чақирув-шеърини ҳам ёзганди:

Помогите Ташкенту!

Озверевшим штакетником
вмята женщина в стенку.
Ты рожаешь, Земля.
Говорят, здесь красивые горные встанут
массивы.
Но настолько ль красиво,
чтоб живых раскрошило?
Если лес - помоги,
если хлеб - помоги,
если есть - помоги,
если нет - помоги!

Ўзбекистон ва зилзила 

Ўзбекистон фаол сейсмик минтақада – Талас-Фарғона силжимаси ҳудудида жойлашган, у ерда 4,0-5,5 баллгача зилзилалар юз бериб туради. Демак, ушбу табиий ҳодисаларни олдиндан прогноз қилиш ўта муҳим масала. 

“Бутун дунёда зилзилаларни башорат қилиб, олдиндан айтиб бўлмайди. Аммо биз бугун башорат қилишнинг илмий ва амалий базасини мустаҳкамлаш устида иш олиб бормоқдамиз”, дейди Ўзбекистон Фанлар академияси сейсмология институти раҳбари Ваҳоб Рафиқов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг