Тошкентни сув босган куни қанча ёмғир ёғгани маълум бўлди
Жамият
−
22 Июнь 2022
8243Июнь ойи бошидан бери Тошкент шаҳрида ўртача ойлик ёғингарчиликнинг 130 фоизи кузатилди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ой бошидан 21 июнь кунига қадар Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ёғингарчилик меъёрдан кўп кузатилган. Ой бошидан Тошкент шаҳрида ўртача ойлик ёғингарчиликнинг 130 фоизи кузатилган. Ўзбекистоннинг катта қисмида эса ёғингарчиликнинг умумий миқдори ўртача ойлик иқлимий кўрсатгичларидан кам бўлган.
Ўзгидрометнинг асосий кузатув станцияси жойлашган Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Тошкент-Обсерватория ҳудудида жорий йилнинг 20 июнь куни қисқа вақт оралиғида ёғиб ўтган умумий ёғингарчилик миқдори 15 мм (ўртача ойлик ёғингарчилик миқдорига тенг кўрсатгич) бўлган бўлса, пойтахтнинг бошқа бир қисми, халқаро аэропорт ҳудудидаги кузатув станциясида бу кўрсатгич 21 ммни ташкил этган.
Сутканинг 12 соати ичида 15 мм ва ундан кўп ёғингарчилик кузатилиши бу хавфли метеорологик ҳодиса ҳисобланади. Айниқса, ёз ойларида бу каби ёғингарчилик одатда интенсив (жадал) кўринишда ёғиши ҳисобига, йўлсозлик ва қурилиш объектларида нотўғри ёндашув асосида барпо этилган объектлар (латок, сув ўтказиш иншоотлари, дренаж, кучли ёғингарчиликка бардошли том ёрилмалари) сел-сув босиш ҳодисаларини келтириб чиқариши мумкин.
“Ёз ойларида пойтахтда 12 соат ичида 15 мм дан кўп ёғингарчилик кузатилиши жуда камдан кам ҳолатларда рўй беради. Тошкент шаҳрида охирги ўн йилликда ёзнинг дастлабки июнь ойида биргина ҳолатда сутка давомида 15 мм дан кўп ёғингарчилик кузатилди. 2019 йилнинг июнь ойи бошларида (3 ва 6 июнь) Тошкентда икки кун ичида умумий 56 мм ёғингарчилик қайд этилган. Ёғингарчиликлар дўл ва кучли жадал ёмғир кўринишида ёғиб ўтган”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси