Тошкентликларнинг шохи борми? Нега Тошкент вилоятидан пойтахтга кириш-чиқишга чеклов йўқ?

Жамият 34719
image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича  Республика махсус комиссиясининг қарори билан автотранспорт воситаларида ҳаракатланишга ўрнатилган чекловлар тасдиқланди.

Унга кўра, 10 июль –1 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно). 

Хўш, нима учун вилоятлараро транспорт ҳаракатининг тўхтатилиши Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига нисбатан қўлланилмаяпти? Ушбу саволга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда ИИВ ЙҲХББ бошлиғи Олимжон Саидов қуйидагича жавоб берди: 

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бир-бири билан маъмурий ҳудуд сифатида узвий боғлиқлигини инобатга олган ҳолда шу қарорга келинган. Чунки Тошкент вилоятининг аксарият аҳолиси Тошкент шаҳрида ё ишлайди, ё тирикчилик манбаи сифатида келиб фаолият юритади. Қолаверса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ўртасидаги чегаралар жуда жипслашган. Тошкент шаҳри тўлиқ Тошкент вилояти қуршовида жойлашган. 

Шу боис махсус комиссиянинг навбатдаги қарорида Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно деб алоҳида урғу берилди.

Тошкент вилоятидан Тошкентр шаҳрига ёки аксинча, пойтахтдан Тошкент вилоятига хизмат вазифасини бажариш учун келаётган ходим иш вақти тугаганидан кейин доимий яшаш жойига етиб бориши учун шароит яратилади. Тошкент шаҳри атрофида жойлашган ЙПХ масканлари, тўсиқ постлар ва блок постларда тўсиқсиз ҳаракатланади”. 

Эслатиб ўтамиз, автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади. 

Бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида сантария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади. 

Карантин даврида фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

Автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 688
Рейтинг: 3
t
×