Тошкентдаги кинофестивалда Украинадаги уруш ҳақидаги фильм намойиши тўхтатилди

Маданият-санъат

image

Тошкентдаги Artdocfest Asia фестивали доирасида Украинадаги уруш ҳақидаги “Шарқий фронт” фильми намойиши тўхтатилди. Бу ҳақда Россиялик режиссёр Виталий Манский ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.

Унинг ёзишича, дастлаб “Шарқий фронт” фильмининг намойиши тўхтатилгани, кейинчалик барча намойишлар ҳам тақиқланган. Режиссёр бу ҳаракатлар Ўзбекистон Маданият вазирлиги буйруғи билан амалга оширилганлигини таъкидлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Маданият вазирлиги Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ташкилотчилар қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олмагани сабабли намойишлар тўхтатилган.

“Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий фильмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар томонидан Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, фильмни оммавий намойиш этишда бир қатор талаб ва шартларга қатъий риоя этилиши белгиланган. Мазкур талаб ва шартларга амал қилинмаслиги фильмни оммавий намойиш этиш учун берилган рухсатноманинг бекор бўлишига олиб келиши кўзда тутилган.

“Юқоридаги ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан рухсатнома олиши шарт экани белгиланган. Бироқ, 2-8 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган Artdocfest Asia фестивали деб номланган оммавий тадбирни ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рухсатнома олишмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай оммавий тадбир ва фильмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишган”, дейилади расмий муносабатда.

Шу ўринда, Маданият вазирлиги оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда фильмлар намойишини тўхтатиш унинг ваколатига кирмаслигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент кинофестивал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made