Тошкентда янги йўллар қуриш уч босқичда амалга оширилади
Жамият
−
25 Февраль 2021
4784Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва янги йўллар қуришга оид топшириғига асосан, Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва “Kalyon ulastirma” компанияси билан ҳамкорликда уч босқичли ишлар режаси тузиб чиқилди.
Биринчи босқичда, Тошкент шаҳридаги 3 та кўчаларда тез муддатда янги ўтиш жойларини очиш ва йўлни кенгайтириш ишлари амалга оширилади. Булар:
1) Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгичдан тушгандан сўнг, Зулфияхоним кўчасига ўтиш учун асосий қатнов қисмидан маҳаллий йўлга янги ўтиш жойини очиш;
2) Тошкент халқа автомобил йўлининг 11-километрида (Тўсин бозор қаршисида) 250 метр масофада йўлни кенгайтириш;
3) Ал-Хоразмий – Катта Қаъни кўчалари чорраҳасида айланма ҳаракатни ташкил этиш;
Иккинчи босқичда, Тошкент шаҳридаги 3 та кўчаларнинг транспорт ўтказиш қобилиятини ошириш бўйича тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Булар:
1. Чоштепа - Янги Сергели кўчалари кесишмасида ўтказувчанликни ошириш мақсадида, кесишмани кенгайтириш (параметрларини ўзгартириш);
2. Тошкент халқа автомобил йўли – Самарбону кўчалари кесишмасида маҳаллий йўлни кенгайтириш ҳисобига ўтказувчанликни ошириш;
3. Мустақиллик – Паркент кўчалари кесишмасида яшил худуд хисобидан янги йўл очиш режалаштирилган.
Учинчи босқичда, Тошкент шаҳридаги 6 та кўчаларда транспорт оқими ўрганилиб, таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда бир қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Булар:
1. Юнусобод туманидаги Қорақамиш кўчасини Тошкент халқа автомобил йўли билан боғлаш учун янги йўл қуриш;
2. Муқумий – Лутфий - Сеул - Нурафшон кўчалари кесишмаси параметрларини ўзгартириш йўли билан ўтказувчанликни ошириш;
3. Тошкент ҳалқа автомобил йўли - Амир Темур кўчалари кесишмасида айланма ҳаракатли чорраҳани оддий чорраҳа турига ўтказиш йўли билан ўтказувчанликни ошириш;
4. Шота Руставели – Миробод - Шаҳрисабз кўчалари кесишмасида айланма ҳаракатли чорраҳани оддий чорраҳа турига ўтказиш йўли билан ўтказувчанликни ошириш;
5. Кичик халқа автомобил йўли бўйлаб “CRAFERS” корхонаси қаршисида янги қайрилиб олиш жойини очиш;
6. Сеул – Новза – Бунёдкор кўчалари кесишмасида канал устидаги кўприкни кенгайтириш хисобига кесишма ўтказувчанлигини ошириш режалаштирилган.
LiveБарчаси