Тошкентда квартираларни “аренда”га олишнинг энг арзон нархи белгиланди

Жамият 15509
image

Тошкентда турар жой бинолари учун ижаранинг энг кам ставкаси 1 квадрат метр учун ойига 15,5 минг сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда келтирилган.

Қонунда мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари, товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкалари ҳамда чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киргани ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари белгиланган.

Қонунга мувофиқ, Тошкентда 2022 йилда турар жой бинолари учун ижаранинг энг кам ставкаси 1 квадрат метр учун ойига 15,5 минг сўм этиб белгиланган. Вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида ушбу нарх 9,5 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида эса 4 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, енгил автомобиль транспортини (йўловчиларни, юкларни ташиш учун мўлжалланган ҳамда 8 тадан кўп ўриндиқ бўлмаган) ижарага беришнинг минимал ставкаси 650 минг сўм, микроавтобуслар ва юк автомобиллари учун 1 млн 250 минг сўм этиб белгиланган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 710
Рейтинг: 3
t
×