Тошкентда тирбандликдан автобус йўловчилари кўпроқ азият чекмоқда – ПМТИ

Жамият

image

Тошкентда тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг ўтказган тадқиқотида келтирилган.

Қайд этилишича, тадқиқот давомида Тошкент шаҳри аҳолисининг тирбандликка муносабати ва уни камайтириш бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ташкил этилган. Унда жами 891 киши иштирок этиб, иштирокчиларнинг 60,8 фоизини автомобиль ҳайдовчилари ташкил этган. Иштирокчиларнинг 10,3 фоизи аёллардир.

Сўров натижасида иштирокчилар асосан қайси транспорт воситасини афзал кўриши аниқланган.

Автомобиль бошқармаслигини таъкидлаган иштирокчиларнинг 41,8 фоизи автобус, 27,5 фоизи метро, 24,1 фоизи такси, 1,7 фоизи микроавтобус хизматидан фойдаланишини ва 4,9 фоизи пиёда юришини билдирган. Жамоат транспортидан кўпроқ аёллар (33,1 фоиз) ва ёшлар (36,5 фоиз), шахсий транспортдан эркаклар (33,1 фоиз) фойдаланиши маълум бўлди.

Сўровда иштирок этган пойтахт аҳолисининг 74 фоизи тирбандликни асосий муаммолардан бири, 21 фоизи ўрта даражадаги муаммо ва 5 фоизи бошқа муаммолар қаторида унчалик муҳим эмас, деб ҳисоблашини билдирган.

Тирбандликдан автобус ва микроавтобус йўловчилари бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекмоқда. Шу боис автобусдан фойдаланувчиларнинг 82,9 фоизи, микроавтобус йўловчиларининг 83,3 фоизи тирбандликни пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири сифатида қайд этган. 

Сўровда қатнашганларнинг 62,2 фоизи тартибсиз ҳайдовчилар, қоидабузарликлар, нотўғри парковка, 57,6 фоизи йўллардаги носозликлар, 46,8 фоизи ўқишга қатновчилар ҳамда 41,2 фоизи ишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи асосий сабаблар сифатида қайд этган. 

Респондентлар биринчи ўринда кичик ҳалқа йўлидаги чорраҳаларни (136 маротаба), Бунёдкор шоҳ кўчасидаги чорраҳаларни  (106 маротаба) тартибга келтириш лозимлигини қайд этган.  

Сўров иштирокчиларининг 41,8 фоизи тирбандлик туфайли йўл учун кўпроқ вақт режалаштиришини, 39,1 фоизи тирбандлик йўқ йўллардан юришини, 16,9 фоизи тирбандлик камайишини кутишини айтган.

Билдирган фикрлар орасида жамоат транспорти (автобуслар) учун инфратузилмаларни яхшилаш, парковкаларни тўғри шакллантириш, кўпқаватли автотураргоҳлар, пиёдалар учун ерости ўтиш йўллари ва кўприклар қуриш, метро линияларини кенгайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, рақамли бошқарувга ўтиш каби таклифлар кўп учрайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг