Тошкентда тез ёрдамга бир кунда 4,5 мингдан ортиқ чақириқ келиб тушмоқда

Жамият

image

Дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият жуда тез ўзгармоқда. Айниқса, кейинги кунларда Ўзбекистонда ҳам касалланишлар сони сезиларли даражада ортгани, хусусан, пойтахтда COVID-19 га чалинган беморлар кундан-кунга кўпайиб бораётгани барчада жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова шаҳар “103” хизматининг айни кундаги фаолияти, чақирувлар сони, аҳолининг коронавирус билан касалланиш ҳолати юзасидан маълумот берди.

“Сир эмас, сўнгги ҳафталарда юртимизда “COVID-19” инфекцияси тарқалиши янада тезлашди. Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йил бошидан 5 июль ҳолатига кўра, шаҳар тез тиббий ёрдам хизматига жами ярим миллиондан зиёд чақириқ келиб тушди”, дейди у.

Маҳмудованинг таъкидлашича, юқоридаги рақамлардан 8578 тасини пневмония ва коронавирус инфекциясига ҳамда бошқа юқумли касалликларга чалингани гумон қилинган катта ёшли беморлар, 630 тасини эса 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этган.

Айни пайтда шаҳар “103” хизмати Call-марказига бир кунда ўртача 4500-4750 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Хусусан, сўнгги 10 кун ичида (25 июндан 4 июлгача) жами 42 минг 740 та чақириқ келиб тушган. 

Шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирус ташхиси қўйилган ёки унга гумон қилинган ва бошқа юқумли касалликлар билан тўрт минг нафарга яқин беморга сифатли тез тиббий хизмат кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

293

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг