Тошкентда таксичи машинасида ухлаб қолган йўловчини “ухлатди”
3-саҳифа
−
21 Январь
11169Тошкент шаҳрида таксичи машинасида ухлаб қолган йўловчи аёлнинг номига микрокредит расмийлаштирди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳодиса содир бўлган куни аёл маст ҳолатда бўлган ва манзилни кўриш учун ўз телефонини ҳайдовчига берган, шундан сўнг у автомобиль салонида ухлаб қолган. Эртаси куни аёл картасидаги ҳисобини текширганида, унинг номига микрокредит расмийлаштирилганини аниқлаган.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, унга наркотик модда қўшилган сув берилмаган. Такси ҳайдовчиси ва унинг таниши ухлаб қолган йўловчининг телефонидан фойдаланиб, онлайн банк орқали 12 миллион сўмлик микрокредит расмийлаштирган, ушбу маблағни ўз картасига ўтказиб, банкомат орқали нақдлаштирган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари гумондорларни топиб, қўлга олди. Уларга Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қоплаб берилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарини таҳлил қилиш жараёнида, ушбу банк карталарининг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётгани аниқлангани боис битта жисмоний шахсга бериладиган банк карталари сони битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгиланганди.
LiveБарчаси