Тошкентда саккиз ойлик чақалоғи билан вафот этган аёл наркологияда рўйхатда тургани айтилди
Жамият
−
09 Апрель 2023
17847Жорий йилнинг 7 апрель куни Тошкентнинг Миробод туманида 25 ёшли аёл ва унинг 8 ойлик ўғли ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берилганди. Марҳума аёл беш йилдан буён наркологияда рўйхатда тургани аниқланди. Ҳолат юзасидан “Замон” информацион дастурида маълумот берилди.
Қайд этилишича, аёл қизлик уйида икки нафар фарзанди билан ертўлада яшаган. У ўша куни дугоналари билан учрашиб, соат 18:00 ларда уйга қайтган.
“Дам олгани ётган. Газ мўридан кўтарилиб, уйга уриб юборган. Улар ухлаб қолиб билмай қолган. Синглиси уйга кириб, опасини чақирганда жавоб келмаган. Қараса жони узилган бўлган. Бошқа оила аъзоларига зарар етмаган, улар бошқа хонада бўлган”, дейди марҳуманинг таниши.
Ушбу воқеадан сўнг, хонадон эгалари томонидан туман тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат келиб тушган.
“Бу ерга соат 21:30 да етиб келдик. Уйнинг ертўласига тушсак, она-бола ўлиб ётган ҳолатига дуч келдик. Онада ҳам, болада ҳам тириклик белгилари йўқ эди. Аёлнинг укасидан суриштирганимизда опаси беш йилдан буён психиатрия ва наркологияда рўйхатда турар экан. Биз кирганимизда эшиклар очиқ эди. Ис газини сезмадик. Бунақа ҳолатда оғиз атрофидан кўпиклар келиб туриши мумкин. Лекин биз ундай ҳолатларни сезмадик”, дейди тез тиббий ёрдам ходими.
Ходимнинг сўзларига кўра, улар етиб борганда марҳуманинг жони узилганига тахминан уч соат бўлган.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан боғланилганда бошқарма ҳозирда маълумот бера олмаслигини, ўлимга овқатдан заҳарланиш сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.
Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда туман бўлимларига овқатдан заҳарланиш бўйича маълумот келиб тушмаганини маълум қилган. Қўмита ходимига кўра, она ва боланинг ўлимида бу каби тахминлар ҳеч қандай асосга эга эмас.
Ҳозирда она ва боланинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси