Тошкентда “Рёдан”га алоқадор дея гумон қилинган 50 га яқин ўсмир ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Кеча, 5 март Тошкент шаҳар Яшнобод тумани, Истиқлол кўчасида жойлашган Халқаро форумлар саройи биноси ёнида 50 га яқин ёшлар тўпланди. Улар “Рёдан” каби субмаданиятга қўшилиш ҳақида турли шиорлар билан чиққан. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

ИИВга кўра, бунгача ички ишлар органларига ушбу ҳаракат ташкилотчилари мамлакатдан ташқарида жойлашган бузғунчи кучлар экани, уларнинг мақсади миллий, ирқий, этник ва диний адоватни, шунингдек, тартибсизликлар, зўравонликни тарғиб қилиш эканлиги ҳақида турли маълумотлар келиб тушган.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси фуқароларни ижтимоий тармоқларда бузғунчи шиорлар ва нотаниш кимсалар таъсирига тушиб қолиш хавфидан огоҳлантирган.

“Жорий йилнинг 5 март куни жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан профилактика тадбирлари ўтказилиб, ота-оналар ва ҳодиса иштирокчилари билан суҳбатлашилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бузғунчи кучларнинг ёшларимизга таъсирини ҳаракат иштирокчилари томонидан ошкор этилган мурожаатлар исботлаган:

“Салом, бугун соат 18:00 да бутун форумни бузамиз. Биз тишимизгача пневматик, совуқ ва жанговар қуроллар билан қуролланамиз”. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини обрўсизлантиришга уринишлар билан аноним фойдаланувчиларнинг видеолари тарқатилган.

“Ота-оналарга фарзандининг севимли машғулотларига эътибор бериш кераклигини эслатамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Маълумот учун, дастлаб “Рёдан” ҳаракати ташкил этилганда, интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлган: улар япон анимация санъати мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди. Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимларни (орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар) танлашар эди.

Бироқ вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олди. Бунинг оқибатида тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошлади.

Айни пайтда “Рёдан” ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Беларусь ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади. Бундай оқибатларнинг олди олиниши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг