Тошкентда Москва миграция марказининг ваколатхонаси очилди

Жамият 6394
image

Тошкентда Москва Кўп тармоқли миграция марказининг (КММ) ваколатхонаси очилди. Бу ҳақда Москва шаҳрининг Иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ташкилот пойтахтнинг Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази биносидан ўрин олган. Режавали Хаитов эса ваколатхона раҳбари этиб тайинланган.

КММ ваколатхонасининг вазифаларига қуйидагилар киради:

•  Москвадаги бўш иш ўринлари тўғрисида Ўзбекистонда ахборот тарқатиш ва москвалик иш берувчиларга керакли малакага эга мутахассислар мавжудлиги тўғрисида маълумот бериш;

•  онлайн суҳбатлар ташкил этиш ва меҳнат муҳожирларининг касбий маҳоратини баҳолаш;

•  Россия Федерацияси ҳудудига кириш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятларини текшириш;

•  меҳнат муҳожирларига ишга жойлашиш масалалари, ишлашга рухсат бериш тартиби, Москвада қолиш қоидалари, шу жумладан пандемия билан боғлиқ чекловларни ҳисобга олган ҳолда маслаҳатлар бериш;

•  мигрантларнинг Россияга киришини, шу жумладан COVID-19 учун тестнинг салбий натижасини тасдиқловчи тиббий ҳужжат мавжудлигини назорат қилиш.

Москва Иқтисодий сиёсати ва ривожланиш департаменти бошлиғи Кирилл Пуртовга кўра, Ўзбекистон Республикаси Россия Федерацияси пойтахти билан меҳнат муҳожирларини уюшган равишда ёллаш доирасида ҳамкорликни бошлаган биринчи мамлакат бўлган.

Қайд этилишича, Москвада ҳар йили бериладиган 460 мингга яқин меҳнат патентининг ярми ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келади. Жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг 200 мингдан ортиқ фуқароси Москвада бўлиб турибди, уларнинг 90 фоизи меҳнат муҳожирлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасидан борган меҳнат муҳожирларининг 40 фоиздан ортиғи Москвадаги қурилишларда, 15 фоизга яқини уй-жой коммунал хўжалигида, 10 фоизга яқини пойтахтдаги саноат ва савдо объектларида ишлайди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 341
Рейтинг: 3
t
×