Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар омбори очилди

Жамият 2390
image
-

Бугун, 20 ноябрь куни Жаҳон болалар кунида UNICEF Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар омборини Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилган.

Мазкур омбор сақлаш температураси турлича бўлган катта миқдордаги вакциналарни сақлашга мўлжалланган.

“Болалар саломатлиги ва касалликларнинг олдини олиш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор йўналишларидан бири ҳисоблангани боис бундай масштабдаги совуқлик омборининг очилиши жуда вақтида бўлди. Ушбу омбор бутун миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айланиб, вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш учун имкониятларимизни кенгайтиради. Халқаро ҳамкорларимизга, биринчи навбатда UNICEF’га Ўзбекистонда совуқлик занжири тизимини мустаҳкамлашда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдираман”, деган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев. 

Республика вакциналар омборида ҳозирда мавжуд бўлган барча турдаги вакциналарни сақлаш мумкин. У деярли 1000 м кв учта совуқлик камераси (2-8 ° C), ултрасовуқ совутгичлар (3000 л ҳажмли) ва музлатгич хоналар (40 м куб) билан жиҳозланган бўлиб, иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 м кв қуруқ омборга ҳам эга. Омборхона юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари билан жиҳозланган.

“Яхши ишлайдиган таъминот тизими ва совуқлик занжирига эга бўлиш самарали миллий иммунизация дастури учун жуда муҳимдир”, дея таъкидлади UNICEF’нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан.

Қайд этилишича, 2017 йилдан буён UNICEF Ўзбекистон бўйлаб жами 21 та вакцина омбори қурилишида ёрдам берди. UNICEF совутгичли юк машиналари, вакциналар учун контейнерлар ва совуқлик камераларини етказиб берди, ходимларни ўқитиш ҳамда объектлар эксплуатацияси бўйича зарур қўлланма ва кўрсатмаларни ишлаб чиқишда кўмаклашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 3.1
t
×