Тошкентда 6 киши йирик корхонанинг 2 миллиард сўмини ўмарди
Жамият
−
20 Август 2020
7436Тошкентда номаълум шахслар корхона биносига кириб, у ердаги сейфдан ва ҳисобчининг хонасидан жами 2 млрд пулни ўғирлади. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 15 август куни соат 21:30 дан 16 август куни соат 17:30 гача бўлган вақт оралиғида содир бўлган. Номаълум шахслар, МЧЖ биносининг ташқи деразаси, шунингдек, моддий бойликлар сақланадиган омбор эшиги ва темир панжараларини бузган ҳолда бино ичига киришган.
Улар бино ичидаги темир сейфнинг қулфини темир кесиш ускунаси ёрдамида кесиб, сейфнинг ичида ҳамда ҳисобчилар хонасида бир неча сумкаларга солинган тахминан 2 миллиард сўмдан кўпроқ нақд пулларни яширин равишда ўғирлаб, жуфтакни ростлаган.
Ушбу ўғирлик жинояти юзасидан зудлик билан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсларга нисбатан жиноий иш очилган.
Ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, ушбу ўғирликни оқ рангли давлат рақами ечиб олинган Lacetti русумли автомашинада келган 6 нафар фуқаро содир этгани аён бўлган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятга алоқадор яна 2 нафар фуқаро аниқланиб, улар ушбу жиноятни ўзаро олдиндан тил бириктириб содир этгани аниқланган.
Гумонланувчиларнинг шахсига ойдинлик киритилган. Ҳозирда улар ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ўғирланган пуллар тергов жараёнида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси