Тошкентда корхона бир ой 3,5 минг хонадонни таъминлашга етадиган газни ўғирлагани аниқланди
Жамият
−
09 Декабрь 2020
8798Жорий йилнинг 7 декабрь куни Тошкент вилоятида жойлашган “MEGA BLOCK INVESTMENT” МЧЖга қарашли газоблок ишлаб чиқариш корхонаси томонидан табиий газдан ноқонуний фойдалaниш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур жамият “Ҳудудгаз Тошкент” МЧЖ томонидан 2019 йил 2 декабрда берилган 0332-сонли техник шартга кўра қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган истеъмолчилар тоифасига киради.
Хабарда келтирилишича, 135 миллион сўм дебитор қарздорлиги бўлган корхонада 313 та ностандарт газ ёндиргич билан жиҳозланган 3 та хумдонда оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами 3 млрд 189 млн 417 минг сўм (3 млн 189,5 минг куб метр) зарар етказилгани аниқланган ва ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш учун бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, 3 189,5 минг метр куб табиий газ билан ўртача 3 500 дан зиёд ҳовли уйларнинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш имконини беради.
LiveБарчаси