Тошкентда калтакланган фуқаролар қасдини олиш учун мебель дўконига ўт қўйиб юборди
3-саҳифа
−
22 Февраль 2021
25618Тошкентда фуқаро ўзини калтаклаганларнинг мебель дўконини ёқиб юбориб, қасдини олди. Натижада 600 млн сўмлик моддий зарар етказилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Жорий йилнинг 14 февраль куни соат 19:00 ларда Чилонзор тумани Гулистон мавзеси ТХАЙ кўчасида “гумма” сотувчи Ёдгор А., гумма сотиш учун мўлжалланган столини йиғиштириб, аравага ортаётган вақтида, унга илгари тан жароҳати етказиб, ҳақорат қилган Саиджон С., Жавоҳир Т., билан Lacetti русумли автомашинасида келиб, Ёдгор А.ни тўхтатишган вақтида, у ушбу автомашинани олд ва икки олд эшиклари ойналарини аравада бўлган стол оёғи билан уриб синдириб, ушбу стол оёғи билан Саиджон С.га ҳам тан жароҳати етказган. Ушбу жанжалга Ёдгор А.нинг қариндоши Баҳодир К. ҳам қўшилиб, қўлидаги темир қувур (труба) билан Саиджон С.га тан жароҳати етказган.
Ушбу жанжалдан сўнг, 15 февраль куни соат 04:50 да, Саиджон С. ва Жавоҳир Т. қасд олиш мақсадида, Баҳодир К.га тегишли укаси Комил К.нинг номида бўлган Зангиота тумани Эшонгузар қўрғони ҳудудидаги “Ҳалима ҳожи она” мебеллар дўконига қасддан ўт қўйиб, жами 500 млн сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Натижада, ушбу мебеллар дўконига туташган “Grant Builder” МЧЖнинг сотув маркази биносининг бир қисмига ҳам ёнғин ўтиб, 100 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Саиджон С., ва Жавоҳир Т.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида, Саиджон С. ва Жавохир Т. жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Ёдгор А. ва Баҳодир К.га нисбатан эса Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ёдгор А. ва Баҳодир К. ҳам жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.