Тошкентда қимор ўйини ташкилотчиси қарийб 5 йилга “кесилди”
Олам
−
09 Декабрь 2023
5864Тошкент шаҳрининг Сергели туманида қимор ўйини ташкил қилган фуқаро 4 йил-у 11 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган чойхонада бир гуруҳ шахслар қимор ўйнаётгани аниқланган.
Чойхонани кўздан кечириш жараёнида қимор ўйинларида фойдаланиладиган ошиқ суяклар, ўйин карталари, пластик чашкалар, сочилган ҳолда ётган 1800 АҚШ доллари ва 755 минг сўм ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Тадбир давомида қимор ўйини ташкилотчиси, Чилонзор туманида яшовчи шахс қўлга олиниб, у доимий тарзда бу каби ўйинларни ташкил қилиб келгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан бу фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
2023 йилнинг октябрь ойида Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан мазкур фуқарога 4 йил-у 11 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.