Тошкентда гиёҳванд моддани реклама қилиш билан шуғулланган шахслар ушланди 

Жамият

image

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланаётган интернет-дўконларни тарғиб қилувчи фуқаролар аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар берди

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 август куни ИИВнинг гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш йўналишида ташкил этилган “@stopnarko_bot” Telegram каналига аноним фойдаланувчидан маълумот келиб тушган.

Telegram каналига 2 нафар номаълум шахс томонидан Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини реклама кўринишидаги граффитларни кўп қаватли уйларнинг деворларга ёзиш билан шуғулланаётганлиги тўғрисида фото ва видеотасвирлар юборилган.

Хабар юзасидан вазирлик жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида:

  • Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-4 мавзесидаги 6, 7, 8, 9, 10-кўп қаватли уйларнинг деворларида 25 та;
  • Яшнобод тумани “Авиасозлар” (эски “Кадышева”) деҳқон бозорига кириш жойи ёнидаги кўп қаватли уйларнинг деворларида 15 та;
  • Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасидаги “Қўйлиқ” қурилиш моллари бозори рўпарасидаги 9 қаватли уйларнинг деворларида 22 та, жами 62 та бир хил турдаги гиёҳвандлик моддаларини сотувчи интернет дўконларини тарғиб қилувчи граффитлар ёзиб кетилганлиги аниқланган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 26 август куни, Яшнобод тумани Лисунова-1 мавзесида яшовчи, 2001 йилда туғилган Миронова Анастасия Сергеевна, Яккасарой тумани Бобур кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган Савенков Владислав Максимович ҳамда уларнинг жиноий шериги Яккасарой тумани Бобур кўчасида яшовчи, Чилонзор туманида жойлашган спиртли ичимликлар дўкони сотувчиси, 1993 йилда туғилган Салюков Дмитрий Равильевич қўлга олинган.

Хабарга кўра, ҳозирда мазкур жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини ҳамда уларни молиялаштирган раҳнамоларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Шу ўринда фуқароларимиздан, агар сиз ёки яқинларингиз мазкур шахсларнинг ҳаракатларидан жабрланган ёки уларнинг жиноий фаолияти ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз дарҳол ички ишлар органларига хабар беришингизни ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади”, дейилади хабарда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг