Тошкентда Германия туристлари оқимини кўпайтиришга бағишланган конференция ўтказилди
Жамият
−
18 Май 2023
2556Жорий йилнинг 16 май куни Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Германия туристик ассоциацияси (Deutscher Reiseverband e.V. – DRV) билан ҳамкорликда ташкил этилган Германия ва Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари иштирокидаги “Destination forum” халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири форум тафсилотлари билан ўртоқлашди.
Маълум қилинишича, Германиянинг йирик туркомпаниялари ёрдамида Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Ғарбий Европа бўйлаб тарғиб қилиш ва туристлар сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилнинг 10-17 май кунлари Германия туристик компанияларининг 80 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Улар тадбир давомида мамлакатнинг туристик масканларига ва ўзига хос тарихий обидаларига ташриф буюрди. Бу орқали немис туристларига мос объектлар ўрганилди.
Конференцияда икки мамлакатнинг туристик соҳа вакиллари иштирок этди. Хусусан, Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Германия туристик ассоциацияси расмийлари Норберт Фибиг, Клаус Ҳилдебрандт, Клаус Манголд ҳамда икки мамлакатнинг йирик туристик компаниялари раҳбарлари тадбирда нутқ сўзлаган.
Айтилишича, DRV ассоциацияси Германия туристик бозори даромадининг қарийб 90 фоизини ташкил этади. Хусусан, етакчи туроператорлар, туристик агентликлар, авиакомпаниялар, темир йўл, меҳмонхоналар ва бошқа сайёҳлик бизнеси компанияларини ўзида жамлаган.
“Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг иқтисодий алоқаларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Ўзбекистон мунтазам равишда жаҳондаги энг йирик “IТB Berlin” туристик ярмаркасида иштирок этиб, Германиянинг етакчи ОАВ вакиллари ва туроператорлари учун мамлакатимизга пресс-тур ва саёҳатлар уюштирмоқда. Шунингдек, Германияда “Ўзбекистон туризм ва маданияти кунлари” ўтказиш яхши анъанага айланди”, деган тадбирда сўзга чиққан Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков.
Конференциядан кўзланган мақсад Германия туристик ассоциацияси аъзолари билан биргаликда туризм дастурларини кенгайтириш, Германиядан келадиган туристларни қизиқтирадиган янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш ва немис туроператорлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, қолаверса, туристик компаниялар ўртасида шартномалар тузиш ва ҳамкорлик тармоқларини кенгайтиришдан иборат.
“Бундан ташқари, германиялик ҳамкорлар билан биргаликда реклама кампанияларини ўтказиш ва икки давлатда сайёҳлик тадбирларида иштирок этиш орқали Ўзбекистоннинг туристик маҳсулотини Германияда янада кенг тарғиб қилишдан алоҳида манфаатдор эканимизни билдирамиз”, дея қўшимча қилди Назарбеков.
Шунингдек, Германия туристик ассоциацияси президенти Норберт Фибиг ўз таассуротлари билан бўлишар экан, германияликлар визасиз режим асосида Ўзбекистонга кела олиши муҳим эканлигини таъкидлади.
“Ўзбекистонда бўлганимда мамлакатингизнинг сайёҳлик салоҳияти менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, тарихий обидалар бир неча асрлардан кейин ҳам ўз қиёфасини сақлаб қолгани мени ҳайратга солди. Самарқандда қўлда сифатли қоғоз тайёрлаш, халқ ҳунармандчилиги буюмларини ишлаб чиқариш жараёнларини томоша қилиш менга завқ бағишлади. Немис сайёҳлари бу ердан унутилмас таассуротлар билан қайтишларига ишонаман. Шу боис ишонч билан айта оламанки, биз ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашинувининг янги босқичига қадам қўймоқдамиз. Бу борада германияликларнинг Ўзбекистонда 60 кунгача визасиз режимда қола олиши катта аҳамият касб этади”, деган Норберт Фибиг.
“Destination Forum” доирасида Ўзбекистонни европалик сайёҳлар учун машҳур туристик мамлакат сифатида кўрсатишга қаратилган муҳокамалар, шунингдек, Германия ва Ўзбекистоннинг туризм соҳаси тадбиркорлари иштирокидаги B2B учрашувлари ўтказилди.
Маълумот ўрнида, 2018 йилда Германиядан 18,1 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 1,6 баробарга, яъни 27,6 минг кишига ошган. Бироқ сайёҳлар сони COVID-19 пандемияси сабабли пасайди ва 2021 йилда 6 900 кишига камайди. Аммо 2022 йилга келиб, туризм соҳасидаги ҳамкорлик тикланди ва 17,8 минг германиялик турист Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Севара Азимова
LiveБарчаси