Тошкентда фуқаро ИИБ ходимини жароҳатлади

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги ҳолат видеоси тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур факт бўйича расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 28 август куни Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ патруль-пост хизмати ходимлари сафдор Ҳикматилла И. ва Фарходжон Х. туманнинг Спутник 15 массивидаги 12-сон автобус парки яқинида тунги вақтдаги пиёда патруллаш давомида ҳатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки нафар фуқаро – 27 ёшли Турсунбой Н. ва 30 ёшли Улуғбек Г.ни кўриб қолган. 

Ходимлар фуқароларнинг ёнига келиб, ўзларини таништиргач, жамоат жойида ниқобсиз юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиришган. Сўнг фуқароларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида улар туман ИИО ФМБ ички ишлар бўлимига таклиф қилинган. 

“Аммо йигитлар бу илтимосга жавобан қўпол тарзда қаршилик кўрсатиб, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсинмадилар. Турсунбой боши билан сафдор Ҳикматилла И.нинг бурун қисмига зарба бериб, унга бадан шикасти етказди. Турсунбой ва Улуғбекнинг воқеа жойига етиб келган патруль-пост хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниш жараёни видеога тушиб қолган. Ҳуқуқбузарлар ИИБга, жабрланувчи эса – тиббиёт муассасига етказилди”, дейилади ИИББ хабарида.

Мазкур факт бўйича тўпланган ҳужжатлар Янгиҳаёт тумани прокуратурасига йўналтирилган.

Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Турсунбой Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

312

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг