Тошкентда эр хотинини 7 йил давомида муттасил дўппослаб келгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
19 Октябрь 2022
13525Тошкентнинг Яккасарой туманида эркак 7 йил давомида турмуш ўртоғини мунтазам равишда калтаклаб келгани айтилмоқда. Бу ҳақда қизнинг онаси Facebook'да пост қолдирган.
Қайд этилишича, оиланинг вояга етмаган уч нафар фарзанди бўлиб, калтакланишлар болаларнинг кўз олдида юз берган. 2,5 ой ичида эркак хотинини тўрт марта калтаклаб, унинг қовурғаларини синдирган. Шунингдек, у охирги вақтларда калтаклашлардан ташқари камар билан бўғишни ҳам бошлаган.
“Мен қизим олдида 7 йил давомида унинг турмуш ўртоғи (Д.Дадабоев, 1976 йилда туғилган) томонидан қўполлик ва калтакланишига чидаганим учун жуда айбдорман. Чунки мен фақат унинг фарзандлари, гўзал невараларимни ўйладим. Қизим болаларининг туғилиши эрининг шафқатсиз табиатини ўзгартиришига умид қилди”, дейди жабрланувчининг онаси.
Охирги вақтларда бурни синган, тишлари синган ва мия чайқалиши билан аёл тун бўйи ертўлада, ҳовуздаги кафеллар устида қолдирилган. Бундай калтаклардан сўнг, ошкораликдан қўрқиб, эркакнинг ўзи уни тиббий муассасаларга олиб борган ва ўзи йиқилганини ва шифохонага ётиши мумкин эмаслигини айтишга мажбур қилган.
Шунингдек, аёлнинг болалари кичик бўлгани ҳамда эри томонидан рухсат берилмагани учун у шифохонага ётмаган.
Онанинг сўзларига кўра, унинг қизи бир марта тиббий экспертизага боришга эришган, аммо қовурғалари ва тишларининг синиши ҳамда мия чайқалиши енгил тан жароҳати деб таснифланган. Қовурғалари сингани бўйича тегишли ҳужжатлар тақдим этилган бўлса ҳам, умуман қайд этилмаган.
Она постида қизи ва ўзида ҳимоя ордери борлигини айтиб ўтган. Шу билан бирга, у куёви унинг ҳуқуқларини бузаётгани ҳақида бир неча маротаба Яккасарой туман ИИБ Профилактика бўлимига мурожаат қилганини, шунга қарамай, ходимлар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаётганини билдирган.
Бундан ташқари, аёлнинг онаси қизининг калтакланган ҳолатидаги суратни ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Унинг айтишича, эксперт ушбу суратларга қараб жиддий жароҳат эмаслиги ҳақида хулоса берган.
LiveБарчаси