Тошкентда электрикнинг хатоси туфайли мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди
Жамият
−
11 Апрель 2019
7404Тошкент шаҳри Юнусобод туманида мактаб ўқувчиси электр устасини хатоси туфайли ҳалок бўлди.
Шу ҳодиса юзасидан туман очиқ суд мажлисида тумандаги 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби электриги Б.Р. иши кўрилди.
У мактабда электр хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган шахс сифатида сузиш бассейнига ўрнатилган ҳаво намлигини қуритиб ва иситиб берувчи “ChKA WАI” электр қурилмасини норматив тарзда белгилаб қўйилган қоидаларга мос ва уларга риоя қилган ҳолда техник эксплуатация қилишга жавобгар бўлса-да, вазифасига нисбатан бепарво муносабатда бўлган. Яъни электр қурилмасининг ташқи қобиқ қисмидан ерга уланиш ишлари бажарилмагани оқибатида қурилмага келадиган электр токи ташқи ҳудудга тарқалиб, сузиш бассейнида машғулотлар билан шуғулланувчи ўсмирлар ҳаётига хавф солувчи манбага айланган. Бу эса бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлди.
Спорт мактабининг сузиш бассейнида шуғулланаётган мактабнинг 11 ёшли ўқувчиси Жамшид Юнусов бассейндан чиқиб, электр қурилмасининг олдига келганида сузишда фойдаланадиган кўз ойнаги ерга тушиб, сирпаниб, қурилманинг тагига кириб кетган. Ўсмир йигитча электр қурилмаси остидан кўз ойнагини олмоқчи бўлганида уни электр токи уриб, кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамга қарамасдан, шу ернинг ўзида вафот этади.
Б.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.
LiveБарчаси