Тошкентда чет эллик фуқарони қийноқда ушлаб турган жиноий тўда қўлга олинди

3-саҳифа 30976

Тошкентдаги катта жиноий тўда камерунлик фуқарони тутқунликда сақлаб, уни турли қийноқларга солган. Бу ҳақида ДХХ Матбуот хизмат хабар бермоқда.  

2019 йилнинг 27 май санасида Яшнобод туманида Шакуров Рамзес ўз хонадонида жиноий тўдаси билан биргаликда камерунлик Жан Мариени ўғирлаб кетиб, тўрт кун давомида тутқунликда сақлаган. 

Шукуров Рамзес 1971 йил Тошкенй шаҳрида туғилган. Миллати озарбайжон. Ўзбекистон фуқароси. Оилали. Икки нафар фарзанди бор. Муқаддам судланган. Бундан ташқари, жиноий тўда таркибида Aҳмедов Мирзоҳид, Орипов Aбдумажид, Эргашев Равшан, Aбдуллаев Отабек сингари 15 кишидан иборат фуқаро бўлиб уларнинг барчаси турли психатроп моддалар қабул қилган. Афсуски, уларнинг баъзилари педагог, баъзилари спорт устаси бўлган.

2019 йил бошларида камерунлик Марк ва Уилям исмли фуқаролар Ўзбекистонга фирибгарлик йўли билан пул топиш учун келишади. Улар ўзбекистонлик Шакуров Рамзес одамларини чув тушириб, 20 минг AҚШ долларини олиб кетган. 

Бу ҳол Рамзес ва унинг жиноий тўдасини ғазабини келтиради. Шундан сўнг улар камерунлик Марк ва Уилямларни Ўзбекистонга чақириб, мўмай даромад топишлари мумкинлиги ҳақида айтишади. Лекин камерунлик фирибгарлар Ўзбекистонга ўзлари келмасдан Жеан Марие исмли инсонни жўнатишади. 

Жеан Мариени белгиланган тузоққа бошлаб бориш жиноий тўданинг Ҳошимов Фарҳод, Қодиров Aббос исмли аъзоларига юклатилади. Бу фуқаролар камерунлик Жеан Мариени шаҳар айлантириш баҳонасида олиб кетади ва Яшнаободдаги хонадонга бошлаб келади. 

Жеан Марие бўлиб ўтган воқеа ҳақида шундай дейди: “Ҳовлига кирганимда бу ернинг ҳолатини кўриб қўрқиб кетдим. Кетмоқчи бўлганимда улар мени ичкарига мажбурлаб олиб киришга ҳаракат қилишди. Шунда ичкаридан Темур исмли йигит чиқиб келиб, мени судраб уйга олиб кирди. Оғзимга латта тиқиб, оёқ-қўлимни боғлаб, музлаткич ёнига ётқизиб қўйишди. Бошимни, жағимни деворга уришди”.

Камерунлик Жеан Марие тўрт кун давомида тутқунликда, қийноқда сақланган. Бу ҳолни жиноий тўда видеога олиб, Марк ва Уилямга юборишган. Мақсад 60 минг AҚШ доллар ишлаш бўлган. Aгар айтилган суммани беришмаса, Жеан Мариени ўлдириб юбориш билан таҳдид қилишади. 

Тўрт кундан сўнг, Камерундан сўралган пулларни жўнатишга рози эканлиги ҳақида хабар келади. Бу хабардан сўнг жиноий тўда аъзолари Жеан Мариени хонадондан олиб чиқиб, Яшнаобод тумани Жарқўрғон кўчасида жойлашган “Геликон” меҳмонхонасига олиб боришади, ювинтириб, кийинтиришади. 

Бу вақт ичида Ташқи ишлар вазирлигига Франция элчихонасидан Жеан Мариенинг ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган. ДХХ томонидан тезкор қидирув ишлари бошланган ва бу жараён якунланмасдан тутқундаги камерунлик фуқаро қочиб кетишга улгурган. 

Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, бу жиноий ишга алоқадор бўлган 15 киши қўлга олинган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 245-моддаси 1-қисми билан жинаят иши қўзғатилиб, Шакуров Рамзес ва жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Динара Юсупова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1153
Рейтинг: 2.8
t
×