Тошкентда автобуслар етишмаяпти, бори ҳам эскирган

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 декабрь куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлди.

Бугун пойтахт Тошкентда кунига 1 миллион 300 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланмоқда.

“Бу талабга жавоб бериш учун “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида автобуслар етишмаяпти. Борларининг ҳам кўпи эскирган. Шу сабабли йўналишларга режага нисбатан 90-100 та автобус кам чиқмоқда. Кўчаларда жамоат транспорти устуворлиги йўлга қўйилмаган. Буларнинг оқибатида йўловчилар автобусларни 20-30 дақиқагача кутишига тўғри келмоқда”, деб ёзмоқда Президент Матбуот хизмати.

Давлат раҳбари бу ҳолатни кескин танқид қилиб, айниқса, ҳозиргидек совуқ кунларда бунга умуман йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган. Шу боис кучайтирилган тартибда ишлаб, энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш бўйича топшириқ берган. 

Маълум қилинишича, бунинг учун хусусий корхоналар автобуслари ҳам жалб этилади. Уларга харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия берилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автобуслар қатновига қўшимча қулайликлар яратади.

Шунингдек, Президент томонидан қатновлар тезкорлиги ва хизмат сифатини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича ҳам кўрсатма берилган.

Шу ерда Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш масалалари бўйича тақдимот ўтказилган. Қайд этилганидек, бу йил 277 та автобус ва электробус харид қилиниб, қатновга қўйилган. Автобуслар ҳаракати ва тўловлар тизими рақамлаштирилган. 

“Бугунги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида 142 та йўналиш бор. Йўловчилар оқимининг кўпайиш прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспортининг 167 та йўналишдан иборат янги тармоғи шакллантирилган. Бу йўналишларни таъминлаш ва Тошкент шаҳрида жамоат транспортига бўлган талабни тўлиқ қондириш учун яна 1000 та катта сиғимли автобус зарур. Бу орқали автобусларнинг оралиқ интервалини 7-10 дақиқагача қисқартириш мумкин”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг