Тошкентда Афғонистон масаласи ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинмоқда (фоторепортаж)
Жамият
−
07 Март 2023
8906Бугун, 7 март куни Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар махсус вакилларининг биринчи учрашуви бошланди. Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари етиб келди. Бу ҳақда тадбирда қатнашаётган QALAMPIR.UZ мухбири Ҳулкар Муртазоева хабар берди.
Учрашув давомида Афғонистондаги мавжуд ҳолат, мамлакатдаги вазиятни тартибга солиш ва узоқ муддатли тинчлик ҳамда барқарорликни ўрнатиш бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Учрашувни Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев очиб берди ва Афғонистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўйилган талабларни, хусусан, аёллар ҳуқуқини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни тезроқ амалга оширишга умид қилишини маълум қилди.
“Айни вақтда Афғонистон Муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг кенг вакиллиги асосида инклюзив ҳукуматни тузиш, аёлларнинг меҳнат ва таълим олишига оид ҳуқуқларини таъминлаш каби асосий талабларни тезроқ бажараши бутун афғон халқи учун барқарор келажак кафолатидир, деб ҳисоблаймиз”, дейди Иргашев.
Шунингдек, у Афғонистонда гуманитар инқирознинг кучайиши таҳдиди ҳамда иқтисодий вазиятнинг кескин ва буткул қулаши эҳтимоли барча қўшни мамлакатлар, шунингдек, халқаро ҳамкорларни ташвишга соляётганини айтди.
“Бизнинг қатъий фикримизга кўра, яқин истиқболда Афғонистон минтақа хавфсизлигига, ва албатта, чегарадош мамлакатлар миллий манфаатларига бевосита таъсир этувчи муҳим омил бўлиб қолади. Шунинг учун ҳозирги кунда Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш юзасидан муштарак ёндашувларни ишлаб чиқиш минтақа давлатлари ва халқаро ҳамжамият учун асосий устувор йўналиш бўлиб қолиши шарт.
Жафокаш афғон юртида тўлақонли тинчлик қарор топиши ва узоқ йиллик таназзулдан сўнг изчил ривожланиш учун шарт-шароит шаклланиши йўлида барчамиз амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз лозим”, қўшимча қилди Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили.
Исматилла Иргашев ўз нутқи давомида Афғонистонга берилаётган гуманитар ёрдамлар масаласига тўхталиб ўтиб, бундай ёрдамларни кўрсатиш яна давом этишини билдирди.
“Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиб бериш учун у билан чегарадош Термиз шаҳрида Кўп тармоқли транспорт-логистика хабини барпо этдик. Ушбу хаб бугун БМТнинг турли тузилмалари томонидан фаол ишлатилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш Жамғармасини тузиш ташаббусини илгари сурди. Жамғарма фаолияти учун мазкур хабнинг замонавий инфраструктурасидан фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган Термиздаги Таълим марказида афғон ёшларини ўқитиш ишига катта аҳамият бермоқдамиз. Бу эса ўз навбатида Афғонистон халқ хўжалиги учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш имкониятини яратади”, дея таъкидлади Иргашев.
Қолаверса, ўзбекистонлик вакил Афғонистонда фақатгина муштарак саъй-ҳаракатлар орқалигина барқарор тинчлик ва миллий тотувликка эришиш мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтди.
“Афғонистоннинг инқироздан кейинги ривожи халқаро ва минтақавий хавфсизлик тизими учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ўзбекистон Афғонистоннинг осойишта, мустақил ва фаровон давлат сифатида шаклланишидан манфаатдордир”, дейди Исматилла Иргашев.
Айни пайтда муҳокамаларнинг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида давом этмоқда. Муҳокамалар мазмуни эса учрашувдан сўнг ташкил этиладиган брифингда очиқланиши кутилмоқда.
LiveБарчаси