Тошкентда 80 дан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ноқонуний сақлангани аниқланди
3-саҳифа
−
05 Май 7143 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва вилоятида 80 дан ортиқ ёввойи ҳайвонлар тутқунликда сақлаб келинаётгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида вазирлик ходимлари ва масъул ташкилотлар билан бирга ўрганиш ишлари олиб борилган. Ушбу ўрганишлар давомида Тошкент вилояти ҳамда шаҳар ҳудудидаги питомниклар ҳамда ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш жойларида 9 турдаги 80 дан ортиқ сут эмизувчи ҳайвонлар ва паррандалар, жумладан, 4 дона Африка шерлари рухсатномадан ташқари, ноқонуний сақлаб келинаётганлиги аниқланган. Ушбу ҳайвонларнинг бир қисми белгиланган тартибда сақлаш учун Тошкент шаҳар ҳайвонот боғига топширилган.
“Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг "Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 736-сон қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўпгина (рўйхат асосида) ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш таъқиқланади. Қарорга биноан, тақиқланган ҳайвонлар фақатгина Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тегишли рухсатномасига эга юридик шахслар томонидан ҳайвонот боғлари, питомниклар (террариум, океанариум ва бошқалар)да сақланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Қизил китобга киритилган бургут ноқонуний тарзда сақлаб келинаётгани аниқланган эди ва уни ноқонуний равишда сақлаган шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 92-моддаси (Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима белгиланган эди.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь