Тошкентда ҳокимларнинг қанча қарори бекор қилинди? Статистика очиқланди

Жамият

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Тошкент шаҳар туманлараро судлари томонидан Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларининг қарорлари устидан берилган 345 та аризалар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 138 таси қаноатлантирилган, 148 таси эса рад қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Алмамедовнинг айтишича, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларининг қарорлари устидан берилган 345 та аризадан 25 таси кўрмасдан қолдирилган, 35 таси бўйича эса иш юритиш тўхтатилган. 

“Бу қарорлар қайси соҳаларга оид эди, деган савол туғилиши мумкин. Ҳокимликларнинг ер ажратиш ҳақидаги, яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилгача амалда бўлган 461-сонли қарори бор эди ва шу қарордан келиб чиққан, ер ажратиш ҳамда эгалик ҳуқуқини бериш билан боғлиқ ҳокимликларнинг қарорлари бугунги кунда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда”, дейди Алмамедов. 

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судларига жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 3018 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Шундан 416 тасини қабул қилиш рад этилган, 793 таси қайтарилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1541 та иш эса кўриб тамомланган. Шундан, 875 таси қаноатлантирилган, 424 таси рад қилинган, 171 таси иш юритишдан тугатилган, 71 таси кўрмасдан қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Туробов жиноятчи аёллар кўпаяётганини айтиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг